Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилимизнинг боғбони
18:36 / 2026-01-23

Она тилимизнинг софлиги ва жозибасини сақлашда мамлакатимиз заҳматкаш олимларининг хизматлари беқиёсдир. Филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов ўзбек тили равнақига беминнат ҳисса қўшиб келаётган ана шундай заҳматкаш олимларимиздан саналади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида  устоз олим Низомиддин Маҳмудов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган адабий анжуман ташкил этилди. 

Мазкур тадбирга олимлар, мамлакатимизнинг ижодкор зиёлилари, сўз санъати мухлислари таклиф қилинди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ўзбек тилини асраб-авайлаш, унинг мавқеи ва мақомини  сақлашда жонкуяр олим Низомиддин Маҳмудов сингари олимларнинг меҳнати беқиёс эканини таъкидлади.

[gallery-27278]

– Низомиддин Маҳмудов ғоят талабчан ва фидойи раҳбар, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директорининг ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов. –  Низомиддин аканинг 2010 йилдан кейинги фаолияти бизнинг институтимиз билан бевосита боғлиқдир. Устоз бошчилигида 6 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, 4 жилдлик “Алишер Навоийнинг  энциклопедияси” ва бошқа кўплаб илмий-маърифий китоблар  тайёрланиб, нашр этилди. Тилшуносликнинг бир неча йўналишларида  муҳим тадқиқотлар олиб борилди. Олимнинг сўз танлаш маҳорати, асарларнинг бадиий хусусиятини очиб бериш салоҳияти таҳсинга лойиқ. Унинг илмий-таҳлилий мақолалари мароқ билан ўқилади. Низомиддин Маҳмудов илмий раҳбарлик борасида ҳам салмоқли ишларни амалга оширган. Мингга яқин илмий мақолалар эълон қилган олимнинг изланишлари хорижда ҳам юксак эътироф этилади.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Жонузоқ Низомиддин Маҳмудов умри давомида шарафли, масъулиятли, заҳматли йўлни садоқат билан босиб ўтганини эътироф этди.  

–  Ҳар қандай миллий адабиётнинг асоси бу миллий  тилдир, – деди Нодир Жонузоқ. – Тилшуносларнинг катта хизматлари шундаки, она  тилимизни боғбон каби асрашга катта эътибор қаратиб келмоқдалар. Юзлаб илмий китоблар, рисолалар, шунингдек кўплаб илмий мақолалар ёздилар. Устоз Низомиддин Маҳмудовнинг ҳар бир мақоласида тилшуносликка оид мўъжизани кўриш мумкин. Айни пайтда домла мақолаларига жуда топқирлик билан, қофия ва оҳангини топиб ном қўядилар. Президентимиз тилимиз ривожига улкан эътибор қаратаётган шундай бир даврда Низомиддин ака бу йўналишдаги ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани диққатга сазовордир.  

– Низомиддин ака ўзбек тилининг дарғаси, атоқли олим, – деди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик, навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов. – 90-йиллардан буён она тилимизни сақлаш борасида қандай кураш кетаётган бўлса, Низомиддин ака ушбу соҳанинг толмас курашчиси. Замонавий ўзбек тилида шундай мактаб яратганки, юзлаб шогирдлар айнан шу маънавий муҳитда камолга етдилар.  

Маърифий анжуманда устоз олим ва ижодкор Низомиддин Маҳмудовнинг илмий фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди. Заҳматкаш олимга эсдалик совғалари топширилди.  

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА