Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилимизга ҳурматни паспортдаги исм-фамилиямизни тўғрилашдан бошлайлик...
09:10 / 2020-03-16

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалар ёзганини эмас, кўрганини кўпроқ эслаб қолар экан. Шундай экан, ҳар бир сўзнинг тўғри ёзилишига алоҳида эътибор қаратиш вақти келди.

Танишларимдан бири шундай деб қолди: “Ўғлим синф ишида “xarid” сўзини “harid” тарзида ёзган экан, устозидан танбеҳ эшитиб, паст баҳо олибди. Мен ҳам уни хато ёзганликда айблабман. Лекин афсуски, Навоий шаҳридаги деҳқон бозорларидан бирида “Haridingiz uchun rahmat” деб ёзилган миннатдорлик ёзувини кўрганимдан кейин ўғлимни ноҳақ ранжитганимни тушундим”.

Ўйланиб қолдим. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда жуда кўплаб жамоат жойлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталарида эътиборсизлик билан, саводсизларча ёзилган турли шиорларга, чақириқларга дуч келамиз. Энг ачинарлиси, эндигина саводини чиқараётган фарзандларимиз ўша хато ёзувларни кўриб, тўғри қабул қилади ва дарс жараёнида ҳам шундай ёзишга одатланади.

Бозорга йўлим тушди. Расталарни айланаман. Танишим ҳақ экан. Ёзилган аксарият сўзларда имло хатоликлар мавжуд. Жумладан: “guruch” сўзи “gurunch”, “xarid” сўзи “harid”, “daha” сўзи “daxa”, “mahsulot” сўзи “maxsulot”, “shoxobcha” сўзи “shahobcha” деб ёзилган.

Ўйланиб қоласан киши. Наҳотки, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилинганига 31 йил, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганига эса 27 йил тўлган бўлса-ю, ҳанузгача барча жойларда хатоликларга дуч келаверамиз?!

Кўплаб дўконлар, пайнет шохобчаларида, баннерлар ўзбек ва инглиз тилларида, лотин ва крилл алифболарида аралаш сўзлар билан ёзилган реклама ёзувларини кўриб, энсангиз қотади.

Ҳозирги кунда янги фаолият бошлаётган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида “МЫ ОТКРЫЛИСЬ” ёки “Аёллар ва эркаклар тикувхонаси” деган ёзувларга кунда ёхуд кун ора кўзимиз тушади. Улардаги маъно-мантиқни эса излаб тополмайсиз. Кўп бора таъкидланаётган яна бир гап: расмий ҳужжатимиз – фуқаролик паспортимиздаги фамилиялардаги хатоликларни гапирмаса ҳам бўлади. Аслида она тилимизга ҳурматни паспортимиздаги исм-фамилиямизни тўғрилашдан бошлашимиз керакка ўхшайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалар ёзганини эмас, кўрганини кўпроқ эслаб қолар экан. Шундай экан, ҳар бир сўзнинг тўғри ёзилишига алоҳида эътибор қаратиш вақти келди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, барча шиорлар, пешлавҳалардаги хатоликлар бир хил. Бундан кўринадики, ушбу ёзувларни буюртмачиларга етказиб бераётган полиграфия корхоналари – босмахоналар фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш ва бу хил хатоликлар юзага келса, уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш шарт.

Абдували Бўриев,
журналист.