Миллатнинг энг улуғ маънавий қадриятларидан бири саналган она тили – халқимизнинг тарихи, маданияти ва миллий ғурурини ифода этувчи беназир бойлик. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини юксалтириш, унинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида тўлақонли татбиқ этилишини таъминлаш мамлакатимизда устувор йўналиш ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҳар йили 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланишида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар бор. Шу кунларда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги корхоналарда “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Жумладан, Навоий ва Ангрен иссиқлик электр станцияларида ишчи-ходимлар ўртасида ёзма саводхонликни оширишга қаратилган диктант танлови ташкил этилди. Тадбирда цех ва бўлимлар, технологик участкалар ва бошқарув аппаратида фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ ходим фаол иштирок этди. Танлов Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат муассасасининг малакали мутахассислари томонидан олиб борилди ва баҳоланди.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедовнинг қайд этишича, ўзбек тилининг нуфузини ошириш, унинг ҳақиқий ҳаётий қудратга эга бўлиши учун муттасил шароит яратиб келинмоқда.

– Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият ҳисобланади. Шу сабабли, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг амалдаги таъсирини кучайтириш, жамиятда саводхонликни ошириш, тил маданиятини юксалтириш бугунги кунда муҳим вазифалардан биридир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, ушбу диктант танлови нафақат билим синови, балки она тилимизга бўлган эҳтиром ва садоқат ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бундай лойиҳалар ходимлар ўртасида маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилмоқда, – деди М.Бекмуҳамедов.
Танлов якуни бўйича Навоий ва Ангрен ИЭСларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ташкилий қўмита томонидан биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА