Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилимиз Ватан каби бетакрордир
18:29 / 2020-10-21

Ўз она тилини ҳурмат қилиш, маънавиятни юксалтириш, буюк аждодларимиз қолдирган улкан маданий, тарихий, адабий меросни асраб-авайлаш - шу Ватанга бўлган меҳру муҳаббат ифодасидир.


Ўз она тилини ҳурмат қилиш, маънавиятни юксалтириш, буюк аждодларимиз қолдирган улкан маданий, тарихий, адабий меросни асраб-авайлаш - шу Ватанга бўлган меҳру муҳаббат ифодасидир.

Юртбошимиз томонидан она тилимиз нуфузини янада ошириш борасида тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан имзоланган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ана шундай ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармон билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Концепция билан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури тасдиқланди. Дастур билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Асосий йўналишларда давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида «Ўзбекистон миллий қомуси» жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш, 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш назарда тутилмоқда.

Энг қувонарлиси, эндиликда ўзбек тилидаги мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун ўқув луғатлари – кўп жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг тўлдирилган янги нашри «Ўзбек тилининг имло луғати», «Ўзбек тили синонимлари луғати», «Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати», «Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати», «Ўзбек тили омонимлари луғати» яратилиши бўлди.

Президентимиз Фармони билан “Oʼzbekiston” телеканалида юртимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини тарғиб қилувчи, мамлакатимизга оид ахборот-таҳлилий, маънавий-маърифий, маданий-гуманитар билим доирасини кенгайтиришга хизмат қилувчи ва интеллектуал ҳамда бошқа маълумотларни хорижий тилларда ёритадиган “Doʼstlik” ахборот-маърифий дастурлар таҳририятини ташкил этилиши ҳам турли миллат вакилларига кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг намунасидир.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 январдан бошлаб марказий телеканалларда «Тилга эътибор», «Она тилида сўзлашамиз», «Нотиқлик маҳорати», «Тил – миллат кўзгуси», «Китоб билим манбаи», «Билимли ёшлар – келажак бунёдкори» каби туркум кўрсатув ва эшиттиришларнинг мунтазам равишда эфирга узатиб борилиши ҳам мамлакатимизда тилга бўлган ҳурматнинг ошишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, она тилимиз Ватан каби бетакрор тилдир! Унга эҳтиром кўрсатиш, асраб-авайлаш эса барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Аброр ОТАБОЕВ,
«Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби, Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ