Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилимиз ривожи йўлидаги муҳим қарор
12:22 / 2025-10-22

Президентимизнинг яқиндагина қабул қилган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори она тилимизни равнақ топтиришда янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятлидир.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик, атоқли навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов мазкур қарорнинг аҳамияти  юзасидан қуйидаги фикрларни билдирди:

–  21 октябрь санаси 1989 йилдан буён биз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб келаётган эди. Айнан шу куни “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, она тилимиз давлат тили сифатида эътироф этилгани билан бу сана бизга қадрли эди.

Аммо 2019 йилдан буён бу сананинг қадри, аҳамияти биз учун  бир неча баробар ошиб кетди, десам, ўйлайманки, кўпчилик бу фикримга қўшилади.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” деб белгилангани ва давлат тилининг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини оширишга қаратилган қатор тарихий фармон ва қарорларнинг қабул қилингани ўзбек тили тараққиёти тарихида янги юксалиш даврини бошлаб берди.  

Ўтган қисқа фурсатда салмоқли ишлар амалга оширилганига барчамиз гувоҳмиз. Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури қабул қилинди.

Шу асосда вазирлик ва идораларда иш юритишни давлат тилида амалга ошириш, таълим муассасаларида ўзбек тилини ўқитиш ишларини такомиллаштириш, турли қўлланма ва луғатлар яратиш, географик объектлар номаларини давлат тили талабларига мувофиқлаштириш, янги сўз ва атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилини тасдиқлаш каби йўналишларда тизимли ишлар йўлга қўйилди.  

Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, ўтган йилларда марказимизда 45 мингга яқин давлат хизматчиларининг давлат тили бўйича малакаси оширилиб, бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли учун бепул курслар ташкил этиб келинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг жиддий эътибори ва саъй-ҳаракати билан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий мақоми тикланди. Она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки халқаро минбарларда ҳам баралла янграмоқда.

Куни кеча қабул қилинган тарихий қарор эса халқимизга яна бир улкан байрам туҳфаси бўлди, десам, янглишмайман. Давлатимиз раҳбарининг она тилимизнинг нуфузини янада кўтариш ва унинг мақомини мустаҳкамлаш борасидаги ушбу юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун барча зиёлиларимиз, тилимиз фидойилари номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Мазкур қарор шу йўналишда олиб борилаётган залворли амалий ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Жумладан, қарорда қайд этилган муҳим масалалардан бири –  юртимизда ва хорижда ўзбек тилини ўрганиш учун ўқув марказлари ва ўзбек тили курсларини очиш масаласи айни замонда жуда долзарб ҳисобланади. Бу нафақат бошқа давлат фуқаролари учун, энг аввало, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимиз учун ўта муҳимдир.

Яқинда – 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева  ташаббуси билан Оксфорд университетининг Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари факультетида илк бор ўзбек тили курси очилгани барчамизни хурсанд қилди. Нуфузли Оксфорд университетида ўзбек тилининг ўқитилиши нафақат Буюк Британияда, балки дунё университетларида ҳам ўзбек тилига бўлган қизиқишнинг ортишига сабаб бўлди.

Янги қарор бизга бу йўналишда катта имкониятлар эшигини очишига шубҳа йўқ. Зотан, қарор иловасида алоҳида боб ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини оширишга бағишлангани фикримизнинг исботидир.

Давлат тили миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлгани сабабли, ёш авлод қалбига она тилимизни болаликдан сингдириш жуда муҳим. Қарорда бунга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Энди болаларга ўзбек тилини ўргатишда, тўғри сўзлашув кўникмаларини шакллантиришда, одоб ва ахлоқ нормаларини сингдиришда ўзбек адабий тилининг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш тизимли йўлга қўйилади.

Бугунги кунда инсоният сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш йўлига ўтмоқда. Президентимиз охирги пайтларда бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқдалар.  

Халқаро минбарлардаги нутқларида ҳам бу ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, ТДТнинг Габала саммитида сўзга чиқиб, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасида кўп томонлама амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф қилдилар. Шунингдек, “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммитда ҳам Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталдилар.  

“Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор  ҳам давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграллашувини таъминлаш, бу борада сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масаласи ўрин олгани тилимиз ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлади.  

Албатта, бир суҳбат давомида  бу кенг кўламли қарорда акс этган барча масалаларни қамраб олиш, уларнинг аҳамиятини тўлиқ очиб бериш имконсиз.  

Мухтасар айтганда, қарорда кўпдан буён жамоатчиликни ўйлантириб келаётган долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари акс этгани барчамизга ҳам рағбат, ҳам масъулият бағишлайди. Энди нафақат тилшунос-адабиётшунос олимлар, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ушбу қарорнинг ижросини таъминлашга сидқидилдан киришмоғимиз лозим.

Мазкур қарор биз – зиёлиларга она тилимизнинг шон-шуҳратини ёйиш, унинг мақомини янада мустаҳкамлашда янги имкониятлар эшигини очиб беради.  

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.