Сирдарё вилоятида давлат тили қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш ва маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш йўналишида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллий ҳокимият органлари қабул қилган барча қарор ва фармойишлар давлат тили талабларига тўлиқ мувофиқ равишда тайёрланди. “Э-қарор” тизими орқали кўриб чиқилган 4 мингдан зиёд ҳужжатнинг барчаси давлат тилида расмийлаштирилди.

Шу билан бирга, 1754 та кўча номи экспертизадан ўтказилиб, давлат реестрига киритилди. 1150 дан зиёд реклама ва пешлавҳалар давлат тилига мослаштирилди.

Вилоятда хизматчиларнинг тил саводхонлигини оширишга эътибор кучайди. Ярим йилликда 230 нафар ходим давлат тилида иш юритиш бўйича ўқув курсларини тамомлади. Маънавий-маърифий соҳада эса “Сирдарё вилояти топонимлари” монографияси ва “Жой номлари изоҳли луғати” нашр этилди.

– Давлат тилининг ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида қўлланиши миллий ўзлик ва ғурурни юксалтиришга хизмат қилади. Бу йил 4 мингдан зиёд ҳужжат давлат тилида расмийлаштирилгани эса амалий натижанинг яққол ифодасидир, – дейди вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири