Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОНА ТИЛИМИЗ ЖОЗИБАСИ
17:26 / 2024-10-18

Инсоннинг қачонки, “тили чиқиб” сўзга ўрганди, у шу ондан бошлаб, ҳақиқий инсонга айланди. Улуғ шоир бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, сўз инсонни ҳайвондин жудо айлади, яъни ҳайвон бўлишдан сақлаб қолди. Йиллар, асрлар ўтди, тиллар тобора шаклланиб, такомиллашиб борди. Шу жумладан туркий тиллар сирасига кирувчи бизнинг она тилимиз бўлмиш ўзбек тили ҳам. Ўзбек тили шундай бир тилки, у ниҳоятда феълга бой. Маълумки, қайси бир тилда феъл қанча кўп бўлса, унинг яшавчанлиги шунча узоқ бўлади. Бизнинг она тилимизда эса қарийб ҳар бир жумлада, гапда феъл ишлатилади. Масалан, Мен ишга бордим; Меҳмонларни кузатиб қўйдик; Китобни берилиб ўқидим; Табиат гўзаллигидан лол қолдим. Албатта бу каби гапларни яна хоҳлаганча давом эттириш мумкин. Бундан ташқари, тилимизда синонимлар, яъни шакли ҳар хил бўлиб, маъноси бир хил сўзлар (кулди, жилмайди, табассум қилди, ҳоҳолади, ишшайди, иршайди, қиқирлади) ёки аксинча, шакли бир хил, аммо маъноси ҳар хил бўлган сўзлар, яъни омонимлар кўп учрайди. Халқимизнинг оламга машҳур бахшиси Эргаш Жуманбул ижодида шундай туюқ бор:

                                                             Қўлингдан келса, чиқар яхши от,

                                                             Яхшилик қил болам, ёмонликни от.

                                                             Насиҳатим ёд қилиб ол, фарзандим,

                                                             Ёлғиз юрса, чанг чиқармас яхши от.

Кўраяпсизми, биргина “от” сўзи уч хил маънода келаяпти. Шунингдек, ҳеч бир миллатда аския жанри деярли учрамайди.  Аммо бизда бутун бир аскиячилар авлоди  шаклланган. Бу ҳам ўзбек тилининг  имкониятлари нақадар кенглигидан дарак беради.  

Тилимизнинг жозиба, қудрати ундаги мавжуд шева сўзларида ҳам яққол намоён бўлади. Қарийб барча вилоятларда бундай сўзлар мавжуд. Вақт ўтган сари шева сўзлар ҳам адабий сўзлар қаторига қўшилиб боради. Албатта бу жараёнда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар катта роль ўйнаши шубҳасиз.

Бундан бир неча аср муқаддам ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўзининг  “Муҳокамат-ул луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) номли илмий асарида тилимизнинг нақадар гўзал, ёқимли, имкониятлари чексиз эканлигини уни форс тилига солиштириш орқали исботлаб берган. Албатта ушбу асар бежиз ёзилмаган. Чунки ўша пайтларда туркий тил, яъни ўзбек тилида  яхши бир ғазал, асар яратиб бўлмайди, бу тил қўпол ва ғарибдир деган камситувчи сўзлар тарқалган. Бунга жавобан улуғ шоир ушбу асарини ёзишга аҳд қилган. Ҳа,  ҳар бир юртдошимиз тилимизни асраб-авайлаб,соф ҳолда сақлашга худди Навоий бобомиз каби ҳаракат қилса, жасорат кўрсатса, ўзбек тилининг обрў, эътибори ҳамиша юксакда бўлади. Бунга шак-шубҳа йўқ.

Юртимизда ўтган етмиш йил мобайнида жуда кўп хорижий фильмлар ўзбек тилига таржима яъни дубляж қилинди. Уларга жуда кўп таниқли актёрларимиз овоз беришган. Дарҳақиқат, улар жуда машҳур фильмлар. Лекин шунга қарамай, бу фильмларнинг дубляжи жуда бошқача чиққан.  Агар улардаги воқеалардан бир ҳайратланиб, таъсирлансангиз, унинг дубляжидан  ўн бор таъсирланасиз, завқланасиз. Айнан шу дубляжи сабаб бу фильмларни қайта-қайта кўришдан эринмайсиз. Аксинча, ҳар гал томоша қилганда, кўрганда уларнинг янги бир қирраларини кашф этгандай бўласиз. Бу ҳам тилимиз гўзаллигидан бир нишонадир. Ёки бўлмаса буюк актёрларимиз Олим Хўжаев, Аброр Ҳидоятов, Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаровларнинг тилимизда янграган ўктам, жонбахш овозларини унутиб бўладими? Халқимизнинг севимли хонандалари бўлган  Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Ҳалима Носирова, Коммуна Исмоилова, Олмахон Ҳайитова, Ортиқ Отажонов, Нуриддин Ҳамроқулов, Шерали Жўраевларнинг қўшиқларини ҳар тинглаганда эса она тилимизнинг ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган сеҳр, жозибасини ҳис қиламиз, юрагимиз, фахр-ифтихорга тўлади. Шу ўринда яна бир нарсани ёддан чиқармаслигимиз лозим. Ўрта асрларда ўз илм, тафаккури билан дунёни ҳайратга солган, лол этган ибн Сино, Беруний, Ал Хоразмий, Замахшарий,  имом Бухорий, Термизий ўз асарларини бошқа тилларда ёзганлар, лекин улар ўз она тилларида гапиришган, фикр қилишган. Бунга шубҳа йўқ. Ё бўлмаса, буюк саркарда боболаримиз Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур ҳам  ўз она тилларида, яъни ўзбек тилида сўзлаган.  Айниқса бугунги  кунда республикамизда юзлаб газета журналлар, юз минглаб китоблар ўзбек тилида нашр қилинмоқда, радио, телевидениеда эса саноқсиз эшиттириш ва кўрсатувлар айнан она тилимизда, давлат тилида  янграмоқда, кўрсатилмоқда. Шулар билан бир қаторда  кўнгилларни ғаш қилувчи айрим салбий ҳолатларга ҳам дуч келамиз. Баъзида пойтахтимиз кўчаларини кезар эканмиз, турли хил дўконлардаги ёзувларга кўзимиз тушади. Уларнинг аксарияти рус ёки инглиз тилларида ёзилган. Ахир биз Ўзбекистонда яшаймиз. Бунинг устига давлат тили ҳам ўзбек тили ҳисобланади. Нега энди айрим дўкон эгалари  буни била туриб,  ўзларини билмаганга солишади, қонунга амал қилишмайди?! Энг қизиғи шундаки, бу дўконларнинг асосий харидорлари ҳам айнан миллатдошларимиз-ку. Баъзилар эса  кўпинча сўзлаганда, бошқа тиллардаги сўзларни ҳам қўшиб гапиришади.  Бу биринчидан  тилимизга беҳурматлик бўлса, иккинчидан маданиятсизлик ҳисобланади. Албатта кимдир буни шунчаки ўрганиб қолганликда деб изоҳлаши мумкин. Лекин у бу ҳол айниқса ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олмайди.

Бундан анча вақт олдин ота-боболари йигирманчи йилларда юртимиздан хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган бир ватандошимиз ҳақида газета учун мақола ёзишга тўғри келди. Унинг айтишича, мустақилликдан сўнг у илк марта Ўзбекистонга келиб,  жойларга борганида, кўчаларда юрганида қараса, ҳамма қарийб ўзбек тилида гапиришмоқда. У бундан жуда севинган, таъсирланган, ҳаяжонга тушган. Чунки хорижда доимий равишда фақат бошқа тилларни эшитишга тўғри келган. Ҳа, четга чиққанимизда она тилимиз қадри жуда билинади. Шунинг учун ватанда яшар эканмиз, ўз тилимизни севишимиз, уни доимий равишда асраб-авайлашимиз лозим.  Гапирганда ҳам, ёзганда ҳам соф ўзбек тилида сўзлайлик, ёзайлик. Шундагина тилимиз ҳеч қачон ғариблашмайди, аксинча гуллаб, тобора яшнайверади.  

Мен ўз сўзимни она тилимизга бағишланган қуйидаги шеър билан якунламоқчиман.

                                                             Сен туғилган куни қайта туғилдик,

                                                             Халқ номини олдик сен сабаб бўлиб.

                                                             Қайтадан қувончга, бахтга йўғрилдик,

                                                             Кўксимиз фахрга кетдик-ку тўлиб.

 

                                                             Орадан ўтса-да қанча асрлар,

                                                             Асло эскирмадинг, бординг ёшариб.

                                                             Тутдайин тўкилди сонсиз қасрлар,

                                                             Сен эса дарёдай оқдинг жўш уриб.

 

                                                             Навоий бобомиз миниб ғайратга,

                                                             Англатиб қўйди-ку сеҳру қудратинг.

                                                             Уни ўқиганлар қолди ҳайратда,

                                                             Қоядай юксалди обрў, ҳурматинг.

 

                                                             Аммо ғанимларинг эди саноқсиз,

                                                             Йўлингни тўсдилар қароқчи мисол.

                                                             Борлигинг уларга келарди малол,

                                                             Бир-бир айтаверсам, қайғунг адоқсиз.

 

                                                             Ниҳоят сенинг ҳам кулди омадинг,

                                                             Давлат тили бўлдинг – ушалди армон.

                                                             Ёвларинг қўлида хор бўп қолмадинг,

                                                             Элим дардларинга бўлолди дармон.

 

                                                             Ҳали ҳам йўлингда учрар ношукурлар,

                                                             Улар танимайди ўз онасини.

                                                             Ўзга оналарга қучоқ очурлар,

                                                             Бир кун англармикан бу хатосини?!

 

                                                             Лек сени суяди элим нақадар,

                                                             Сен учун аямас ҳатто жонини.

                                                             Ахир бу дунёда бўлмасанг агар,

                                                             Ким ҳам билар эди ўзбек номини!

Туроб НИЁЗ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир