Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилимиз – эл ифтихори, миллат қиёфаси
17:20 / 2025-10-20

Жиззах вилоятида “Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!” шиори остида кўплаб байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Уларнинг ҳар бири халқимизнинг ўз тилига бўлган юксак эҳтироми ва садоқатини намоён этмоқда.

Жиззах шаҳар Нуронийлар масканида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда тилимизнинг тарихий аҳамияти, нутқ маданияти, ёшлар орасида тилга бўлган муносабат масалалари муҳокама қилинди. Қўшиқлар, шеърлар, дил изҳорлари янгради.

Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилояти ахборот-кутубхона марказида эса “Она тилим – ғурурим, ифтихорим!” мавзусида адабий-мусиқий кеча ўтказилди. Унда шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали, Миллий гвардия, таълим муассасалари, архив ва Sambhram (Ҳиндистон) университети вакиллари иштирок этишди. Талабалар, ўқувчилар ижросидаги юрт, тил ва Ватан ҳақидаги шеърлар, саҳна кўринишлари, миллий рақслар барчага байрам руҳини улашди.

Жиззах вилоят судида “Давлат тилига эҳтиром – миллатга ҳурмат” шиори остида видеоконференция шаклида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Вилоят суди раиси А.Шукуров ва ЖДПУ доценти Д.Бойматова нутқ сўзлаб, ўзбек тилининг тенгсиз руҳий бойлик экани, мустақиллик йилларида унинг давлат ва жамиятда тутган ўрни мустаҳкам бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Шароф Рашидов туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари томонидан “Давлат тили – миллат фахри!” шиорида челленжлар ўтказилиб, видеороликлар намойиш этилди, шеърий чиқишлар қилинди.

Арнасой туманида эса “Ўзбек тилим – фахрим, ғурурим!” челленжи ва “Жадидлар изидан” танлови ўтказилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири