Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилим – Ватаним руҳи (+видео)
15:54 / 2025-10-23

Ўзбекистон давлат хореография академиясида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллиги муносабати билан “Давлат тили – миллат ғурури, Она тилим – Ватаним руҳи” номли тадбир ўтказилди.

Анжуман аввалида юртимизга ташриф буюрган хорижлик адабиётшунослар академия раҳбарияти билан қисқа учрашув ўтказди ва мулоқот давомида улар ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, шунингдек, ўзбек тилининг бой тарихи ва адабий мероси хусусида аълоҳида таъкидлашди.

ЎзДХА “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси ҳамда “Маънавий ҳаёт” журнали ҳамкорлигида ташкил этилган йиғин доирасида таниқли шоир ва таржимон, марҳум Аъзам Ўктам таваллудининг 65 йиллигига бағишланган ифодали шеър ўқиш танлови, шунингдек, мазкур академия ва Қўқон университети ҳамкорлигида чоп этилган “Глобаллашув шароитида она тили ва адабиётнинг ижтимоий аҳамияти ва уни сақлаш тамойиллари” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Самимий руҳда кечган давра суҳбатида Ҳиндистоннинг Жавоҳарлъал Неру университети Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари, филология фанлари доктори, профессор Ахлоқ Аҳмад Аҳан, Туркиянинг Неде университети профессори Мустафо Қўрқмас, Швеция ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Жаҳон уйғур шоирлари ассоциацияси раиси, шоир ва таржимон Абдушукур Муҳаммад иштирок этиб, ўзбекона меҳмондўстлик ва дўстона учрашув учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик изҳор этишди.

– Аъзам Ўктамнинг адабий шахсияти ва қиёфаси, истеъдодининг асосий қиррасини шеърий асарлари белгилайди, – деди швециялик ижодкор Абдушукур Муҳаммад ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Унинг ашъорларида миллий руҳ ва фалсафий тафаккур мужассам. Ҳар бир мисра ва образ қалбга яқин. Мен ушбу адибнинг “Кузда кулган чечаклар” китобини уйғур тилига таржима қилганман. Энди шоирнинг шеърларини Швециядаги адабий журналларда эълон қилиш, Стокгольм шаҳрида маданий мулоқотлар уюштириш ниятидамиз.

Тадбир якунида ғолиблар сертификат ва янги китоблар тўплами билан тақдирланишди.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mtv5TS5PZ9Q" title="Ona tilim – Vatanim ruhi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Д.Ҳакимов, О.Давронов (видео), 

ЎзА