Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилига ҳурмат имло қоидаларига эътибордан, тўғри ёзишдан бошланади
09:29 / 2024-10-20

Танишларимдан бири шундай деб қолди: “Ўғлим синф ишида “харид” сўзини “ҳарид” тарзида ёзган экан, устозидан танбеҳ эшитиб, паст баҳо олибди. Мен ҳам устозининг ёнини олиб, уни хато ёзганликда айблабман. Лекин афсуски, Навоий шаҳридаги 10-кичик туман деҳқон бозорида “Haridingiz uchun rahmat”, деб ёзилган шиорни кўрганимдан кейин ўғлимни ноҳақ ранжитганимни тушундим...”

Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда жуда кўплаб жамоат жойлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталарида эътиборсизлик билан (“саводсизларча!”) ёзилган турли туман сўзларга дуч келамиз. Энг ачинарлиси, эндигина саводини чиқараётган фарзандларимиз ўша (қўштирноқ ичида тўғри ёзилган!) ёзувларни кўриб, тўғри қабул қилади ва дарс жараёнида ҳам шундай ёзишга одатланади.  

“Харид” сўзининг “ҳарид” шаклида ёзилганини кўриш учун бозорга бордим. Бозорни айланарканман, нафақат “харид” сўзи, балки бир қатор бошқа сўзлар ҳам хато ёзилганлигига гувоҳ бўлдим. Жумладан: “гуруч” сўзи “гурунч”, “харид” сўзи “ҳарид”, ”маҳсулот” сўзи “махсулот”, “шохобча” “шахобча”, “вақт” “вакт” деб ёзилган. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилган барча сўзларда “o’”, “g’” ҳарфлари “o'”, “g'” шаклида тутуқ белгиси (апостроф) билан ёзилган. Бу ҳам имло қоидаларига зиддир.  

Бундай хатоларни санаб, адоғига етмайсан, киши.  

Бозор жамоат жойи саналади. Катта ёшдагилар ҳам, ёшлар ҳам бу ердаги ҳар бир ҳолатга эътибор қаратади. Ва, албатта, ёзувларга ҳам. Танишим айтгандай, фарзандларимиз имло хатолари билан ёзилган сўзларни тўғри деб қабул қилади.

Ўйланиб қоласан,  киши. Наҳотки, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилинганига 35 йил, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга эса 31 йил бўлган бўлса-ю, ҳанузгача барча жойларда хатоликларга дуч келаверамиз?!

Бундай ҳолатни фақатгина Навоий шаҳридаги 10-кичик туман деҳқон бозорида эмас, балки бошқа жойларда ҳам учратишимиз мумкин. Шунингдек, бозор ҳудудидаги дўконлар атрофидаги пайнет шохобчалари, кўп қаватли уйлар остидаги дўконлар, хизмат кўрсатиш жойларида крилл алифбосида ёки лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги аралаш сўзлар билан ёзилган реклама ёзувларини кўриб, энсангиз қотади.  

Бугунги кунда барча ҳокимлик, корхона, ташкилот ва муассасаларда раҳбарнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари ёхуд шу масала бўйича масъул ходимлар фаолият олиб бормоқда. Хўш, улар қаёққа қарамоқда?! Ўша шиор ёки кўргазмали воситалар тайёрланаётганида улар бир бора бўлса-да, кўз югуртирганмикан? Агарда, улар озгина масъулиятни ҳис қилганида, бу ёзувлар фарзандларимизнинг савод чиқаришига салбий таъсир кўрсатишини ўйлаб кўрганида, балки бу хатоликлар юзага келмасмиди?!

Тўғри, бугунги кунда Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари томонидан ишчи гуруҳлар тузилган ҳолда “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлар ижроси юзасидан жойларда ўрганишлар олиб борилмоқда. Аммо бу саъй-ҳаракатлар етарлича бўлмаяпти. Натижадорликка эришиш учун барчамиз “бир ёқадан бош чиқариб” ҳаракат қилмоғимиз керак.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аксарият шиорлар, пешлавҳалардаги хатоликлар бир хил. Бундан кўринадики, ушбу ёзувларни буюртмачиларга етказиб бераётган полиграфия корхоналари – босмахоналар фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш ва бу хил хатоликлар юзага келса, уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш лозим. Шунингдек, уларда давлат тилини яхши биладиган, саводли ходимни ишга олиш ёхуд буюртмаларни улар ўқиб чиқиб, хатосини тузатишгандан кейингина босишга рухсат бериш кераклигини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.  

Хуллас, тилимизнинг софлиги учун биргаликда жон куйдирайлик. Бу, энг аввало,тўғри ёзиш – имло қоидаларига  амал қилишдан бошланади.

А.Бўриев, ЎзА мухбири