21 октябрь – Ўзбек тили байрами Фарғона вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда. Ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг Фарғона шаҳридаги ҳайкали ёнида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрам тадбирини очиб берган Хайрулло Бозоров она тилининг инсон ҳаётида тутган ўрни, юртимизда сўнгги йиллардаги ўзбек тилининг обрў-эътиборини тубдан ошириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб, Президентимизнинг алоҳида эътиборлари натижасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришилаётганини қайд этди.
[gallery-14142]
–Инсонни инсон қилиб турадиган энг биринчи белги ҳам сўз – тилдир, – дейди Фарғона давлат университети профессори, филология фанлари доктори Сидиқжон Мўминов. – У тирикни ўлдириши, ўликни тирилтириши мумкин. Бугуннинг қадрига етиш учун кечадан хабардор бўлиш лозим. Ўтмишини, тарихини билмаган халқнинг келажаги ҳам бўлмайди. Шу маънода ўзининг ўттиз тўрт йиллик тўйини нишонлашга ҳозирлик кўраётган ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана яқинлашган сари бу тарихий воқеа осонликча рўй бермаганлиги ёдимизга келаверади. Ҳозир 50-60 ёшдан кичик бўлган авлод бу жараёнда иштирок этмаганлигини ва шу боис ҳам тилимизга давлат тили мақоми шунчаки берилиб қолмаганлигини бот-бот таъкидлаб айтгим келаверади. Зеро, биз шундай кунларни кўрдик: ўз уйимизда она тилимизни қўйиб бегона тилда гаплашдик, ўз идораларимизда бегона тилда тушуниб-тушунмай қоғозлар қораладик, ҳаттоки она тилимиз жозибаларини очиб беришга бағишланган илмий ишларимизни ҳам ўзга тилда ёзишга мажбур бўлдик. Она тили маънавиятимизнинг асоси, миллий ўзлигимиз тимсоли эканлигини унутмаслигимиз керак.
Тадбирда сўзга чиққанлар тилнинг жамиятда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритди. Ўзбек тилини улуғловчи шеърлар янграб, Алишер Навоий сиймоси саҳналаштирилган чиқишлар намойиш этилди, ўзбек тилининг асосчиси ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган суратлар