English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилида равон сўзлай олиш замонавийликнинг энг юксак кўринишидир
16:20 / 2026-01-08

Сўнгги йилларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва амалий қўлланишини мустаҳкамлаш, тил софлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, хорижий тиллардан кириб келаётган атамаларни ўзбекча муқобиллари билан алмаштириш, соҳалар кесимида миллий терминологияни тизимли равишда шакллантириш масаласи давлат ва жамоатчилик эътиборида бўлиб келмоқда.

Шу йўналишда тегишли ташкилотлар ишчи гуруҳлари томонидан тайёрланган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Атамалар комиссиясининг ишчи кенгаши – Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари иштирокида мунтазам равишда кўриб чиқилмоқда. Жараёнда нафақат мутахассислар, балки жамоатчилик фикрига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Филология фанлари доктори, профессор Ёрқинжон Одилов билан суҳбатда атамаларни ўзбекчалаштиришнинг долзарб жиҳатлари, бу борада давлат сиёсати, илмий ёндашувлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликнинг ўрни ҳақида атрофлича фикр алмашдик. Олим дастлаб хорижий тиллардан олинган атамаларнинг янги фойдаланишга таклиф этилаётган муқобилларини ишлаш масаласи нега кун тартибига чиққанига оид саволимизга жавоб берди. 

– Бу жараён кеча ёки бугун бошланган эмас. Ўзбекистон тарихида, хусусан, мустақилликнинг илк йилларида ҳам атамаларни ўзбекчалаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилган. Ўша пайтда «район» ўрнига «туман», «область» ўрнига «вилоят» каби атамалар жорий этилгани бунга яққол мисол.

Маълум сабабларга кўра, бир муддат бу ишлар секинлашган, тўхтаган ҳам эди. Аммо 2019 йилда давлат раҳбарининг ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини оширишга қаратилган фармони қабул қилинди. Шундан сўнг бу йўналишдаги ишлар яна тизимли тус олди. 2024 йилда эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Республика Атамалар комиссиясининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, бу ишга аниқ масъул муассасалар белгиланди.

– Атамаларни ўзгартиришда турли соҳалар учун ягона принциплар қўлланадими ёки ҳар бир соҳа алоҳида ёндашувни талаб қиладими?

– Албатта, ҳар бир соҳанинг ўзига хос, ўзигагина мос хусусиятлари бор. Шунинг учун ҳам атамаларни ўзбекчалаштиришда соҳавий ёндашув асосий тамойил ҳисобланади. Ҳар бир вазирлик, идора ва соҳада атамалар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Улар ўз соҳаларида қўлланаётган хорижий атамаларни таҳлил қилади ва ўзбек тилидаги муқобиллари бўйича таклифларни тайёрлайди.

Бу таклифлар Давлат тилини ривожлантириш департаменти орқали Республика Атамалар комиссиясининг ишчи органи ҳисобланган институтимизга келиб тушади. Бу ерда тилшунослар, терминологлар ва соҳа мутахассислари иштирокида атамалар илмий жиҳатдан кўриб чиқилади, жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва шундан кейингина якуний қарор қабул қилиш учун тегишли ташкилотларга юборилади.

– Масалан, «блокчейн – занжирблок», «вертолёт – тикучар», «бренд – хосном» каби таклифлар жамоатчилик томонидан турлича қабул қилинмоқда. Бу атамаларни оммалаштириш қанчалик осон?

– Ҳар қандай янги атаманинг қабул қилиниши – вақт талаб қилади. Бу ерда энг муҳим жиҳат хорижий атаманинг маъносини тўлиқ ифода этиш ва халқ нутқига сингиб кетишидир. Айрим ҳолларда бир атамага бир неча муқобил сўз таклиф этилади ва жамоатчилик муҳокамаси, мутахассислар билан маслаҳатлашиш, кенгашиш орқали энг мақбули танлаб олинади.

Масалан, «блокчейн» атамаси бўйича ҳам турли таклифлар билдирилди. Қайси бири ҳаётчан бўлиши амалиётда маълум бўлади. Бу жараёнда ундай ёз, бундай ифода қил тарзида мажбурлаш эмас, балки тушунтириш ва тарғибот асосий ўрин тутади.

– Чет тилидаги атамаларни ўзбекчалаштириш тил бойлиги ва равонлигига салбий таъсир кўрсатмайдими?

– Аксинча, бу жараён тил бойлигини оширади. Яъни хорижий атамаларни ўзбек тилидаги муқобиллари билан алмаштиришда ё тилимизда мавжуд сўз янги атамавий маънода фаоллаштирилади, ё янги сўз ясалади, ё бўлмаса, тилимиз тарихида мавжуд бўлган  ёки шеваларимизда яшаётган сўз тилнинг ҳозирги ҳаётига олиб кирилади. Умуман, ҳар уч ҳолатда ҳам ўзбек тилининг ички имкониятлари ишга солинади. Бу билан тил лексик-семантик жиҳатдан бойийди, ривожланади. Агар таклиф қилинаётган муқобил атаманинг маъноси аниқ, халқ нутқига мос бўлса, у тушунмовчиликка олиб келмайди. Масалан, «вебинар» атамасини «веб-машғулот» тарзида қўллаш ҳеч қандай терминологик ноаниқлик келтириб чиқармайди. Энг муҳими, атама маъно ва ифода жиҳатидан тўғри етказилишида.

–  Расмий ҳужжатлар ва оммавий ахборот воситаларида янги атамалар қандай қўлланиши керак?

– Расмий ҳужжатларда тасдиқланган ўзбекча атамалар асосий шакл сифатида қўлланиши лозим. Дастлабки босқичда зарурат бўлса, маълум муддат – халқнинг кўзи ўргангунича қавс ичида аввалги хорижий вариантини бериб бориш ҳам мумкин. Оммавий ахборот воситалари бу борада жуда муҳим роль ўйнайди, чунки атамалар энг аввало, айнан ОАВ орқали халқ нутқига сингади, умумқўлланишга ўтади.

– Айрим ёшлар, ҳаттоки, ташкилот раҳбарларининг нутқида ҳам чет сўзлар, хорижий атамалардан ортиқча фойдаланиш ҳолатлари кузатилади. Гўёки, бу замонавийлик белгисидек. Бунинг сабабларини, оқибатларини нималарда кўрасиз?

– Бу, биринчи навбатда, тил маданияти ва тарбия масаласидир. Айримлар чет сўзларни кўп ишлатишни замонавийлик белгиси деб ўйлайди. Аслида эса ўз она тилида равон ва соф сўзлай олиш ҳақиқий замонавийликдир. Бу қарашни ўзгартириш учун таълим, оила ва оммавий ахборот воситаларида изчил иш олиб бориш зарур. Қолаверса, атамаларни ўзбекчалаштириш жараёни, тил софлиги ҳақида қайғуришдек ҳаракатлар  фақат тилшунослар ёки давлат идораларининг иши эмас. Бу бутун жамиятнинг вазифасидир. Ҳар бир ўзбек ўз нутқига масъулиятли бўлиши, сўз танловида эътиборли туриши керак. Шунда тил софлигини мунтазам таъминлаш, миллий тил тараққиётида илдамлаш мумкин. Афсуски, узоқ йиллар давомида нутқда русча (айни кунларда инглизча) сўзларни кўпроқ қўллаш орқали ўзини “юқори ривожланган” ёки “замонавий” кўрсатиш мумкин, деган нотўғри тасаввур шаклланиб қолди. Бу ҳолат аввало, тафаккур билан боғлиқ. Айрим кишилардаги нодуруст тасаввурга кўра, нутқда русча ёки инглизча сўзни қўшиб ишлатмаслик замондан ортда қолганликни билдиради. Бу бугунги жамиятимизнинг энг оғриқли ва жиддий муаммоларидандир. Ана шу асоссиз тасаввурни йўқотмай, соғлом тил муҳити ҳақида гапириш имконсиз. Бу масала бугун пайдо бўлган эмас. Маълумки, Абдурауф Фитрат бошчилигида ташкил этилган “Чиғатой гурунги”нинг асосий вазифаларидан бири ҳам тил софлиги учун курашиш бўлган. XIX аср охири-XX аср бошларида ҳам ўзбек нутқида русча эмас, балки форсча ва арабча сўзларни ортиқча қўллаш ҳолатлари кузатилган. Ёки Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асарида Худоёрхон мирзоларининг иншосида  форсий ва арабий сўзларнинг кўплигидан ёзгиради, “Эналаринг арапқа текканми?” дея танбеҳ беради. Демак, чет сўзларга мойиллик илгари ҳам бўлган, фақат бугунгидек қарийб оммавийлашмаган.

Навоий ҳазратлари айтганидек, сўзни ким айтаётганига эмас, қандай айтаётганига ва нима деяётганига эътибор бериш лозим. Қачонки, миллат ўзини англаса, у ўз тилидаги муаммоларга тик қарай олади, уларни очиқ муҳокама қилади. Шаклланган, ўзини таниган миллат тил софлиги масаласида ҳам дадил позиция билдиради. Хайрият, бугун жамиятимизда тил софлиги ҳақида гапирилмоқда, бу йўналишдаги ишларда ғайрат қилинмоқда.

М.Эшмирзаева, ЎзА