Тошкент шаҳридаги “М-Фактор” бизнес марказида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази, ЮНИCЕФ, ЮНЕСКО ташкилотларининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” фани бўйича халқаро эксперт Сюзан Иануззи иштирокида бошланғич синф ўқитувчилари учун семинар ташкил этилди.
2020 йилдан бошлаб Миллий ўқув дастури лойиҳаси доирасида халқаро тажриба ҳамда меҳнат бозори талабларини ҳисобга олган ҳолда, умумтаълим мактаблари учун 22 та фандан, хусусан, “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” фанидан замонавий таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда илғор методикалар, баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш мақсад қилинган.
Миллий ўқув дастури асосида 2020-2021 йилдан бошлаб умумтаълим мактабларида “Она тили” ва “Ўқиш” фанларининг бирлашуви натижаси “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” фани жорий этилди. Икки фаннинг бирлашувига асосий сабаб она тилини ўқитишдаги ёндашувнинг ўзгариши бўлди. Эндиликда грамматика ва ёдлашга асосланган таълимдан тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, фикрни оғзаки ва ёзма баён қилишдан иборат тил ўргатишнинг 4 кўникмасини ривожлантиришга қаратилган таълим шаклига ўтилди.
Она тили фани асосида ўқувчида шакллантириладиган кўникмалардан бири бу ўқиб тушунишдир. Натижада ўқувчи дарсликда қоидалар ўрнига кўпроқ матнлар билан ишлайди ва уларда ўқиб тушуниш кўникмаси ривожланади. Ўқувчида ўқиб тушуниш кўникмасини “Она тили” фани ривожлантириши ҳисобига ўз-ўзидан “Ўқиш” фанига зарурат қолмайди.
Ушбу дарслик амалиётга жорий қилинишидан олдин мактабларда тажриба-синовдан ўтказилди. 1-2-синф “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” дарслиги 2021-2022-ўқув йили учун амалиётга жорий қилинганида, кўплаб ўқитувчилар томонидан норозиликларга сабаб бўлган бўлса-да, бу дарсликни бир йил давомида ўқитиб, ўқувчиларидаги ижодий ва танқидий фикрлаш қобилиятининг ошиб бораётганини, матнлар, аудиоматнлар билан ишлаш, ёзиш ва нутқ сўзлаш кўникмаларининг ривожланаётганини кўрган ўқитувчилар эндиликда ушбу дарсликларга нисбатан илиқ муносабат билдирмоқдалар.
– “Она тили ва ўқиш саводхонлиги” дарслигида берилган бўлим ва мавзулар реал ҳаётга асосланган бўлиб, ўқувчининг нафақат ўқиш ва саводхонлик кўникмаларини ошириш балки, уларнинг атрофидаги воқеа ва ҳодисаларни англашга, муайян ижтимоий вазиятлар учун керакли билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга асос бўлмоқда, – деди тўрақўрғонлик ўқитувчи Манзура Каримова.
Она тили ва ўқиш саводхонлиги дарслигини яратиш жараёнига маҳаллий мутахассислар, амалиётчи ўқитувчилар билан биргаликда ЮНИCЕФнинг халқаро эксперти Сюзан Иануззи ҳам иштирок этди. Шу ўринда табиий савол туғилади: Хўш, она тилини ўқитишда хорижлик мутахассисга қандай зарурият бор?
Мутахассисларнинг фикрича, бутун дунёда она тилининг ҳам, хорижий тилларнинг ҳам ўқитиш методикасига умумий ва ягона методика асосида ёндошилади. Бунда ўқувчининг ўз она тилини ҳаётий жараёнларда тўғри қўллай олиши, ўз фикрини тўғри, эркин, саводли ифода этиши каби кўникмаларнинг ривожлантирилишига асосий эътибор қаратилади.
Дарсликни ёзишда қатнашган маҳаллий мутахассисларнинг 5 нафари Сюзан Иануззи томонидан ташкил қилинган 3 ойлик семинар-тренингларда замонавий дарсликни яратиш малакаларини оширдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “2022-2026- йилларда Халқ таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида ўқув дастури, ўқув-методик мажмуа ва дарсликларни яратиш ҳамда янгилаш учун жалб қилинадиган хорижий экспертлар билан музокаралар олиб бориш, уларни дастур, ўқув методик мажмуа ва дарсликларни яратиш ҳамда янгилаш учун жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш, тил кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган фаннинг мазмун-моҳиятини хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан ўқитувчиларга етказишда мазкур маърифий-услубий семинарнинг аҳамияти ўзига хос бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА