Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарслиги жорий этилaди
16:19 / 2021-05-10

Янги Миллий ўқув дастури асосида ўқувчиларнинг ёш тоифасидан келиб чиқиб, чет эл тажрибасидан фойдаланган ҳолда янги дарсликлар яратиш бўйича самарали изланишлар олиб борилмоқда.

Республика таълим маркази ахборот хизматининг хабар беришича, шу пайтгача иккита фан сифатида ўқитилган “Она тили” ва “Ўқиш” предметлари бирлаштириб, «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» деб номланган ягона предмет жорий этилмоқда.

Янги дарслик учун танланган матнлар ва шеърлар боланинг ижтимоий ҳаётга киришиб кета олишига кўмаклашадиган, бадиий ҳамда илмий-оммабоп услубдаги матнлардан иборатдир.

Амалдаги дарсликларда тинглаб тушунишни ривожлантириш учун топшириқлар ажратилмаган бўлса, янгисида бу компетенцияни ривожлантириш учун ҳар бир мавзуда алоҳида топшириқлар ишлаб чиқилган.

Шу пайтгача она тилини ўқитишдан мақсад тилнинг грамматикасини ўргатиш, тилга оид қоидаларни ёд олдириш эди. Янги дарсликда энг муҳим қоидаларгина қолдирилган. Ранг-баранг тасвирлар ва қизиқарли топшириқларга кўпроқ урғу берилган.

Аҳамиятли томони, энди ўқитувчилар учун «Ўқитувчи китоби», ўқувчилар учун эса «Машқ дафтари» ҳам бўлади.

Амалдаги дарсликдан ўрин олган матнлар бола ёшига мос бўлишидан кўра, дидактик аҳамиятига урғу берилган. Тақдим этилаётган дидактика эса ёшга мос, қизиқарли мавзулардаги матнлар ҳамда шеърларга сингдирилган.

Илгари дарсликлардаги тушунарсиз сўзлар изоҳсиз қолдириларди. Янги дарсликларда боланинг тушуниши учун қийин бўлган сўзлар дарсликнинг орқа қисмида махсус луғатга жойлаштирилган. Бундан ташқари, улар устида алоҳида машқлар ишлаб чиқилган.

Янги дарсликда уйга вазифалар мавжуд эмас. Нутқий мавзулар асосида изчилликда бир-бирини тўлдирадиган, ўзи изланиб топишга қаратилган ностандарт машқ ва топшириқлар ишлаб чиқилган.

Янги дарсликдаги ўзгаришлар ажратилган дарс соатларига таъсир ўтказмайди.

Бу каби янги дарсликларнинг жорий этилиши ўқувчиларнинг мавзуни осон тушуниши, мустақил фикрлаши ва таълим сифатининг ортишига хизмат қилади.

Файзулло Яҳёев, ЎзА