Она тили – миллат ғурури
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши, ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Қарши шаҳардаги ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамкорлигида “Тарихим, бахтим, фахрим – она тилим” шиори остида тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши, ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Қарши шаҳардаги ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамкорлигида “Тарихим, бахтим, фахрим – она тилим” шиори остида тадбир ўтказилди.
Инсонда она битта бўлгани каби, она тили ҳам ягона бўлади. Ҳар ким қондош, қариндош, Ватан тушунчаларини илк бор она тилида англайди. Шунинг учун бўлса керак, тил, миллат, ватан тушунчалари доимо ёнма-ён ифода этилади. Тил миллатнинг руҳи, қалби, таъбир жоиз бўлса, бутун борлиғи сифатида таърифланади.

Давлат тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланмоқда. Эндиги вазифа унинг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишдан иборатдир. Бунинг учун нималарга алоҳида эътибор қаратмоқ керак, ўзбек тилининг нуфузини юксалтириш учун ҳар бир Ўзбекистон фарзандидан нималар талаб қилинади. Тадбирда сўзга чиққанлар шу каби масалаларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Минг йиллик тарихимизга назар ташласак, жаннатмонанд юртимизни қайта-қайта босиб олган ёвуз кучлар бизни миллат сифатида йўқ қилиб юбориш мақсадида ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, динимиздан жудо қилишга уринган. Лекин имони бутун, матонатли халқимиз энг оғир, машаққатли даврларда ҳам ўз она тилини – миллий ғурурини омон сақлаб қола олган. Тадбирда бугунги дориломон кунларда ана шу тилнинг нуфузини юксалтиришга интилиш оримиз, номусимиз экани, аждодларимиз руҳига кўрсатган ҳурматимиз бўлиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир сўнгида ҳарбий хизматчилар ўртасида китоб мутоаласи ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан 600 та бадиий адабиётлар ҳарбий хизматчиларга совға тариқасида тарқатилди.
Тадбирда ҳарбий қисм командирлари, вилоятда фаолият юритаётган шоир ва ёзувчилар, тилшунослар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари ва бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
