Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тили — миллат руҳи
17:34 / 2025-10-20

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги муносабати билан “Жонажон ўзбек тилим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ҳамда “Метрология ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк шарқ алломалари” (I–II қисм) китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида давлат тилининг нуфузини ошириш мақсадида “#онатилимфахрим”, “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” каби ижтимоий челленжлар ўтказилди. Шунингдек, “Фарзандларимизга китоб совға қилайлик” шиори остида китоб ярмаркаси ташкил этилди ва ходимлар ҳамда уларнинг фарзандларига китоблар совға қилинди.

Ўзбекистон миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов давлат тилининг жамият ва илмий соҳадаги ўрни ҳақида фикр билдириб, ўз муаллифлигидаги янги китоб ҳақида маълумот берди.

Сўнгги йилларда агентлик тизимида давлат тилини ривожлантириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни лингвистик экспертизадан ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Раҳбарлар учун миллий тест тизими жорий этилди — 50 нафар раҳбар ходим синовдан ўтди. “Стандартлаштириш атамаларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати” ва метрологияга оид 10 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар нашр этилди. Шу билан бирга, давлат тилини илмий-техник ва ҳуқуқий ҳужжатларда тўлақонли қўллаш, уни рақамли муҳитда жорий этиш, электрон дастурлар яратиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида кенг фойдаланиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

[gallery-25816]

– Миллий тил ҳар бир халқнинг руҳий дунёси, тарихи ва маданиятини ифода этади, – дейди Ўзбекистон миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов. – Биз агентлик тизимида сўнгги йилларда давлат тилини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширдик. Жумладан, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни лингвистик экспертизадан ўтказиш тизимини йўлга қўйдик. Бу ҳужжатларнинг давлат тили талабларига мос ва услубий жиҳатдан тўғри бўлишига хизмат қилмоқда. Бу тизим давлат тилида иш юритиш маданиятини янада мустаҳкамлайди.

– Биз филология ва фалсафа соҳаларидаги ҳамкасблар билан биргаликда “Метрология ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк Шарқ алломалари” китоб-альбомини чоп этдик, – дейди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори маслаҳатчиси Наибахон Мамадалиева. – Бу асарда Аҳмад Фарғоний, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино каби алломаларнинг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссаси ёритилган. Уларнинг илмий мероси метрология ва техник фанларда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу китоб илмий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Унда Шарқ алломаларининг фанга қўшган ҳиссаси билан бирга, ўзбек тили орқали илмий тушунчаларни бойитиш жараёни ҳам акс этган. Илм фақат тил орқали авлоддан-авлодга ўтади, шунинг учун давлат тилининг илмий салоҳиятини ошириш долзарб вазифа. Бу тадбир нафақат тил байрами, балки маънавият, илм ва маданият уйғунлигининг намойишидир. Давлат тилини рақамли муҳитда қўллаш, уни ахборот технологиялари соҳасига татбиқ этиш — келажак авлод учун улкан имконият. 

Тадбир давомида ўзбек тилини ахборот технологиялари ва халқаро дастурлар тили сифатида ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Бу ташаббуслар миллий ғурур ва маънавиятни юксалтириш, давлат тилига бўлган ҳурматни мустаҳкамлаш ҳамда юртимиздаги метрология соҳаси ривожига ҳисса қўшган буюк алломалар меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
 

Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбири