Таълим тизимида барча фанларнинг ўзига хос ўрни бўлиб, ҳар бир фан шахс камолотига ҳисса қўшади. Бирор фанни ўзлаштириш эса ўқувчидан маълум даражадаги тил малакасини талаб қилади. Фанларни ўзлаштириш жараёнидаги ўқувчилар дуч келадиган қийинчиликлар, хусусан, берилаётган маълумот моҳиятини тўлиқ англаб етмаслик кўп ҳолларда уларнинг она тили малакаси етарли даражада шаклланмаганидан дарак беради. Лингвистик малаканинг умумий билиш, ўзлаштириш қобилияти билан чамбарчас боғлиқлиги илм-фан тадқиқотларида кўп маротаба ўз тасдиғини топган. Кундан-кунга ривожланиб бораётган дунё талабларидан бири бўлган чет тилини билиш, уни ўрганиш ҳам бевосита биринчи тил кўникмалари қай даражада яхши ривожланганига боғлиқдир. ЮНЕСКО бош директори Ирина Бокова чиқишларидан бирида: “Она тили таълими жамият ва ундаги фуқаролар онгини ривожлантиришни таъминлайдиган сифатли таълим тизимининг энг муҳим таркибий қисмидир”, деган эди.
Узоқ йиллар давомида мамлакатимиздаги она тили таълимида амал қилиб келинган ёндашувда асосий урғу тил грамматикаси ва структурал томонига қаратилган эди. Аммо халқаро тажрибада тил таълими, айниқса она тили таълимида биринчи навбатда, ўқувчиларнинг шу тилдаги тўрт малакаси – ўқиб тушуниш, эшитиб тушуниш, фикрни оғзаки баён қилиш ва фикрни ёзма баён қилиш кабиларни параллел тарзда шакллантириш, ривожлантиришга эътибор қаратилади, чунки кишининг бирор тилдаги эгаллаган малакаси айнан мана шу тўрт кўникма орқали юзага чиқади. Шунга асосланган ҳолда тилни билиш даражаси шу кўникмалар билан баҳоланади.
Таълим тизими йўналишидаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, баҳолаш таълим жараёнига бевосита таъсир кўрсатади. Одатда нима баҳоланса, ўша ўқитилади. Она тилидан боладаги тил малакасининг баҳоланиши охир-оқибат боланинг она тилида ўз фикрини эркин баён қила олишига, тилдан самарали фойдалана олишига олиб келади.
Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, концепциянинг асосий йўналиши сифатида: давлат тилини ривожлантиришга оид илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, таълим муассасаларида давлат тилини ўргатиш ва уни билиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тилининг илм-фан тили сифатида нуфузини ошириш белгилаб берилган.
Мазкур фармонни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти томонидан бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Шундай лойиҳалардан бири “Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг она тили (ўзбек тили) фани бўйича малакасини баҳолаш ҳамда 14 та фандан тест тизимини ишлаб чиқиш лойиҳаси”дир. Лойиҳа мазмунига кўра, қуйидаги ишларни амалга ошириш белгиланган:
14 та, яъни бошланғич синф фанлари, ўзбек тили, рус тили ва адабиёти, инглиз тили, математика, информатика ва ахборот технологиялари, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, география, физика ва астрономия, кимё, биология, педагогика, психология фанларидан тегишли баҳоланувчи контингентлари учун баҳолаш услубларини тайёрлаш, уларга хос домен ва конструктларни аниқлаш, аниқ таъриф бериш, тестнинг структурасини ишлаб чиқиш.
Мазкур фанлар доирасида бевосита тест ёки бошқа кўринишдаги индивидуал саволлар, топшириқлар тўпламини шакллантириш, баҳолаш жараёнини ташкил этиш талаблари доирасида тест китобчаси, тест ўтказиш алгоритми, натижаларни қайта ишлаш механизми ва жавобларни эълон қилиш услубларини яратиш.
Шунингдек, умумтаълим муассасалари битирувчиларининг она тили (ўзбек тили) билим, малакаларини баҳолаш учун имтиҳон, ўзбек тилини она тили сифатида ўқийдиган ўқувчиларнинг ўзбек тилини билиш малакасини давлат таълим стандарти талаблари асосида тил компетенцияларини баҳолайдиган янгича тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
11-синф битирувчиларининг она тили малакаларини (эшитиб тушуниш, ўқиб тушуниш, оғзаки ва ёзма нутқ) баҳоловчи имтиҳон тизимини шакллантириш, лойиҳа доирасида яратилган электрон дастурий воситадан (ўқув қўлланма ҳамда тест ўтказиш дастуридан) унумли фойдаланиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш.
Ушбу лойиҳанинг асосий таркибий қисмини она тили малакасини баҳолаш бўлими ташкил қилиб, бунда ўқувчининг лингвистик билими эмас, балки ундаги лингвистик ҳамда нутқий компетенция баҳоланади. Анъанавий баҳолаш мезонларига кўра эса йиллар давомида тил грамматикасини эгаллашга қаратилган лингвистик билимни баҳолашга урғу бериб келинган. Она тили таълимида амалда бўлган дарслик ва ўқув дастурларида ҳам айнан мана шу ёндашувга таянилган эди.
Янги ишлаб чиқилаётган тест тизимида ўқиб тушуниш малакасини текшириш қисмида ўқувчига 3 хил тил услубидаги матнлар ҳавола қилиниб, тилнинг турли услубларини тушунишга эътибор қаратилади.
Бугунги кунда замон талабларига жавоб берувчи, ҳар томонлама юқори салоҳиятли кадрларга эҳтиёж катта. Ҳар бир соҳада муносиб кадрларни танлаб олиш турли мезонларга асосланади. Инсондаги яхши шаклланган она тили малакаси уларнинг ҳар қандай соҳада яхши фаолият олиб бориши ва муваффақиятларга эриша олишини таъминлайдиган бирламчи жиҳатдир. Бугунги кунда ҳар томонлама фаол мутахассислар керак. У шундай бўлсинки, ҳар қандай нутқни ўқиб ёки эшитиб аниқ тушуна олсин, тўғри таҳлил қила олсин, юқори саводхонликка, айниқса, равон ва бой оғзаки нутққа эга бўлсин. Айнан мана шундай хислатларга эга жамият аъзолари исталган соҳада ватан равнақига ҳисса қўша олади. Ушбу баҳолашнинг мақсади ҳам ана шундай кадрларни аниқлаш, баҳолашнинг таълимга таъсир эта олиш эффектидан фойдаланиб бундан кейинги барча кадрларда шундай кўникмалар мавжуд бўлишини таъминлашга туртки беришдан иборатдир.
А.Маматалиев,
А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти катта илмий ходими.
ЎзА