Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Она тили” фанини ўқитиш сифати қандай?
12:51 / 2023-05-11

“Давлат тили тўғрисида"ги қонун ҳамда Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 20 октябрда қабул қилинган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси бўйича сенаторлар мунтазам ўрганишлар олиб бормоқда.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мазкур ҳужжатларнинг Бухоро вилоятидаги ижросини ўрганди.  

Қўмита йиғилишида ўрганиш натижалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, вилоятда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича вазифаларнинг бажарилиши, олис ҳудудлардаги мактабларнинг фан бўйича мутахассис билан таъминланганлиги, дарсларнинг сифати, она тили ва адабиёти фани ўқитувчилигига қайта тайёрловдан ўтиш тизими ва мактабларда дарс таҳлилининг юритилиши, ўқувчиларнинг “Она тили” дарсликлари ва бошқа ўқув адабиётлари билан таъминланганлиги, улардан машғулотлар давомида фойдаланиш ҳолати таҳлил қилинди.  

Вилоятдаги 534 умумтаълим мактабида жами 28 минг 248 нафар педагог ходим фаолият кўрсатмоқда. Шундан 2 минг 313 нафари она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси ҳисобланади. Уларнинг 2 минг 307 нафари олий маълумотли, 6 нафари тугалланмаган олий маълумотли педагог ҳисобланади.  

Вилоятдаги умумтаълим муассасаларида жами 321 минг 839 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ушбу ўқувчиларга тарқатилган дарсликлар ва мактаб кутубхоналарида сақланаётган дарсликлар сони 372 минг 650 тани ташкил этади. Айни пайтда ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш ҳолати 117,8 фоизни ташкил этмоқда.  

Мажлисда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг ўқув-услубий адабиётлар билан таъминланиши, мактабларнинг она тили ва адабиёти синфлари замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланиши, шунингдек, мактаб кутубхоналарида она тили фанига алоқадор ўқув адабиётлари (ўқув луғатлари, энциклопедиялар, бадиий асарлар) билан таъминланишида бир қатор камчиликлар борлиги қайд этилди.  

Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан илмий-педагогик ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани, битирувчи талабаларнинг педагогик амалиётни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича олиб борилган ишлар, она тили ва адабиёти фани методистларининг мутахассислиги, иш тажрибаси ва уларга яратилган шарт-шароитлар, мактабларда она тили ва адабиёт фан тўгаракларининг ташкил этилгани ва уларни юритишнинг мавжуд ҳолати ҳам танқидий муҳокама қилинди.  

Ўз навбатида, “Она тили” фани бўйича ўқувчилар билим ва кўникмаларини ҳамда ўқитувчилар касбий малакасини баҳолашнинг мавжуд ҳолати, она тили ва адабиёти таълими самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.  

Таҳлиллар якунлари бўйича давлат тилини ўқитишда эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан қўмита томонидан тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборотлари эшитилди.  

Мазкур масала бўйича қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА