Шу йил 15 майдаги "2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини ошириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Президент қарорида барча тоифадаги аҳоли қатламларининг экомаданиятини юксалтириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Айни кунларда Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб болалар оромгоҳларида экологик тадбирлар ўтказилмоқда.

“Она табиатни асраш” шиори остида ўтказилаётган мазкур тадбирлар давомида оромгоҳдаги болаларнинг экологик маданиятини оширишга қаратилган қатор танлов ва суҳбатлар ташкил этилмоқда. "Она табиат – менинг нигоҳимда" деб номланган расмлар танловларида болажонлар ўзларининг тасаввуридаги табиатни тасвирлаб, атроф-муҳитга бор меҳр ва эътиборини намоён этмоқда. Улар ўз тасвирлари орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни тўғри ташлаш, сув ва электр энергиясидан тежамкор фойдаланиш каби муҳим тушунчаларни бадиий образлар орқали ёритишга ҳаракат қилаётгани эътиборга молик.

Болалар иштирокидаги бундай тадбирлар ёш авлоднинг экологик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА