Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Она мадҳи” ижодий ишлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда уюшма ва жамғарма раислари Сирожиддин Саййид ҳамда Оқил Салимов иштирок этиб, ёшларнинг маънавий камолотида танловнинг аҳамияти беқиёслигини таъкидлади. Уларни ғолиблик билан қутлади.
– Мазкур танловда Янги Ўзбекистонимизда баркамол авлодни тарбиялаб, жамиятдаги бунёдкорлик ишларида фаоллик, фидойилик кўрсатган заҳматкаш, мўътабар аёллар ва оналарга бағишлаб ёзилган шеърлар, ҳикоялар ва эсселар муаллифларини рағбатлантиришдир, — деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. — Янги асарлар ёзишга руҳлантириш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, ҳаётимизда аёлнинг, мўътабар онанинг ролини ёш авлод қалби ва онгига янада чуқурроқ сингдириш, ёш ижодкорларни, айниқса, республиканинг чекка ҳудудларидаги истеъдодли ёшлар фаоллигини оширишга эътибор қаратилди.

Танлов “Энг яхши шеър”, “Энг яхши ҳикоя”, “Энг яхши эссе” йўналишлари бўйича ўтказилди. Унга жами 122 нафар ёш ижодкорларнинг шеър, ҳикоя ва эсселари келиб тушди. Ўзбек ва қорақалпоқ рус тилларидаги мазкур ижодий ишлар жанр таснифи бўйича қуйидагиларни ташкил этди: шеърлар ва шеърий туркумлар – 72 та, ҳикоялар – 31 та, эсселар – 19 та.
Ҳайъат аъзолари танловга тақдим этилган ишларнинг ижтимоий аҳамияти, мавзунинг ёритилиши, талқиннинг ўзига хослиги, асарнинг бадиийлиги мезонлари бўйича холисона баҳоланиб, ғолиблар ва совриндорлар аниқланди.
Танлов натижаларига кўра, "Энг яхши шеър” йўналиши бўйича 1-ўринга Ситора Шомуродова “Онамга...” (туркум) шеъри учун муносиб топилди.
“Энг яхши ҳикоя” йўналиши бўйича 1-ўринга Роҳилабону Ғўччиева “Она бўри” ҳикояси учун лойиқ топилди.

“Энг яхши эссе” йўналиши бўйича 1-ўрин Мадина Норчаева “Етти қуш” эссеси учун берилди.
– Бу каби ижодий танловлар бизга катта маҳорат мактабини ўтайди, — деди шеърият йўналиши бўйича 1-ўрин соҳибаси Ситора Шомуродова. – Унда мен “Онамга...” номли туркум шеърларим билан иштирок этдим. Бу жараёнда ўгит ва тавсияларини аямаган устоз ижодкорларга раҳмат, дейман.
Тадбирда Сирожиддин Саййид Оқил Салимовга “Улуғбек” жамғармаси кутубхонаси учун Алишер Навоийнинг “Хамса”сини янги нашрдаги тўпламини совға қилди. Ўзбекистон халқ шоири Исажон Султон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова, шоира Зебо Мирзо ёшларга адабиёт осмонида улкан парвозлар тилади.
Танловнинг барча ғолибларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва ҳамкор ташкилот томонидан диплом, пул мукофотлари ва эсдалик совғалар топширилди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист