Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Деҳқонобод маҳалласида истиқомат қилаётган Гулзамон Абдумўминова 1994 йили туғилган фарзанди Убайдулла Ҳабибуллаевга бир буйрагини бериб, унга иккинчи бор ҳаёт бахш этди.
Олий тоифали жарроҳ, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Акмал Уролов ва мазкур муассасанинг жарроҳ-трансплантологи Шерзод Тошмаматов томонидан амалга оширилган жараён муваффақиятли бажарилди. Харажатлар эса Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди.
– Она учун фарзандининг соғ-саломатлигидан зиёд бахт бўлмаса керак, – дейди Г.Абдумўминова. – Ўғлимда саломатлик билан боғлиқ муаммо кузатилгач, рости шу бугунги кунгача кўнглим тинч бўлмади. Қаерга бормай, ким билан учрашмай, ўғлимнинг буйрак билан боғлиқ муаммоси кўз ўнгимдан ўтаверди. Ўғлимнинг саломатлиги, буйрак билан боғлиқ муаммосини бартараф этиш учун донор қидирдик. Лекин тополмадик. Шундан кейин ўзим буйрагимни беришга қарор қилдим. Яратганга, қолаверса, ўғлимга шифо бахш этган шифокорларга ташаккур. Мана кўриб турганингиздек, соғ-саломатмиз, дея баралла айта оламан.
Айни вақтда бемор ва унинг онаси Гулистон тиббиёт кластерида шифокорлар назорати остида даво муолажаларини олмоқда. Энг муҳими, буйрак трансплантация амалиётидан сўнг бемор саломатлиги анча яхшиланди. Насиб қилса, тез кунларда бемор ва унга донорлик қилган она соғ-саломат, хурсандчилик билан уйга қайтишади.
Мазкур амалиёт Сирдарё вилояти тиббиёти тарихида ўн учинчиси бўлиб, шундан иккита амалиётни сирдарёлик мутахассислар мустақил бажаришди.
Бир ҳафта муқаддам, сирдарёлик мутахассислар қорақалпоғистонлик беморга, унинг опасининг бир буйрагини трансплантация амалиёти орқали кўчириб ўтказганди. Айни вақтда уларнинг ҳам саломатлиги яхши.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири