Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўн ойда қурилиш соҳасининг давлат бюджетига солиқ ҳиссаси 7 триллион сўмдан ошди
15:33 / 2025-12-16

Маълумки, қурилиш соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг муҳим драйверлардан бири бўлиб бормоқда. Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 30 минг 893 та қурилиш корхонаси томонидан давлат бюджетига 7,1 трлн. сўмдан ортиқ солиқ тўланиши бу соҳанинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улуши ва бюджет тушумларига ҳиссасини яққол кўрсатади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу солиқ тушумларининг 16,5 фоизи атиги 20 та йирик корхона ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг умумий товар айланмаси 20,7 трлн. сўмдан ошади. Шу билан бирга қўлланилган солиқ имтиёзлари 410,8 млрд. сўмга тенг. Бу рақамлар қурилиш соҳасидаги солиқ юкининг йирик корхоналарда солиқ имтиёзларининг иқтисодий механизмдаги ролини очиқ кўрсатади.

Солиқ қўмитасининг  маълумотига кўра, Ўзбекистонда қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи 30 893 та юридик шахс мавжуд. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, умумий солиқ тушумларининг 1,1 трлн. сўмдан ортиғи, яъни 16,5 фоизи атиги 20 та йирик қурилиш корхонаси ҳиссасига тўғри келади. Ушбу корхоналарнинг жами товар айланмаси  20,7 трлн. сўмдан ортиқ бўлиб,  қўлланилган солиқ имтиёзлари  эса  410,8 млрд. сўмни ташкил этган.

Бу ҳолат соҳада солиқ тушумларининг муайян даражада концентрациялашгани, яъни солиқ юкининг катта қисми йирик компаниялар ҳиссасига тўғри келаётганини кўрсатади.

Энг кўп солиқ тўлаган 20 та корхона томонидан тўланган солиқлар турлар кесимида қуйидагича тақсимланган. Қўшилган қиймат солиғи 548,3 млрд. сўмни, жисмоний шахслар даромад солиғи эса  212,2 млрд. сўмни ташкил этади. Ижтимоий солиқ 200,6 млрд. сўмни, фойда солиғи эса  187,1 млрд. сўм ва бошқа солиқлар эса 31 млрд. сўмни ташкил этади.

Мазкур рақамлардан кўриниб турибдики, солиқ тушумларининг асосий қисми меҳнат муносабатлари ва қўшилган қиймат билан боғлиқ солиқлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, қурилиш соҳасида солиқ имтиёзлари, асосан инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар қурилиши, уй-жой дастурлари доирасида берилади.

Аммо таҳлилчилар фикрича, имтиёзлар самарадорлиги, уларнинг инвестиция, иш ўринлари ва бюджет тушумларига таъсири мунтазам таҳлил қилиниши лозим. Акс ҳолда, солиқ имтиёзлари бозорда рақобат номутаносиблигига олиб келиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда қурилиш соҳаси жорий йилда ҳам давлат бюджети учун муҳим солиқ манбаси бўлиб қолмоқда. Солиқ тушумларининг маълум қисми йирик корхоналар ҳиссасига тўғри келаётгани, солиқ имтиёзларининг юқори улуши ҳамда рақамлаштириш орқали назоратни кучайтириш масалалари соҳада янада чуқур таҳлил ва тизимли ёндашувни талаб қилади. Очиқлик, рақамлаштириш ва самарали солиқ маъмурчилиги қурилиш соҳасида барқарор ривожланишни таъминлашнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА