Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Вилоят ИИБ ходимлари томонидан ушбу йўналишда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жорий йилнинг 10 ойи давомида коррупцияга оид 134 та (ўтган йилнинг шу даврида 118 та) жиноят аниқланган.

Бу жиноятларнинг 119 таси пора бериш, 13 таси пора олиш, 1 таси пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 1 таси давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши билан боғлиқ.

Мазкур жиноятлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда 82 таси иқтисодиёт, 51 таси ижтимоий соҳа ташкилотлари ҳиссасига тўғри келган. Жумладан, 22 та жиноят кадастр, экология ва коммунал хизмат кўрсатиш, 14 таси тиббиёт, 12 таси таълим соҳаси вакиллари томонидан содир этилган.

Кенгаш йиғилишида ички ишлар органлари ходимларига пора таклиф қилиш ҳолатларининг олдини олиш, бу ҳақда хабар берган ходимларни рағбатлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бераётгани қайд этилди. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар ходимларнинг шахсий ташаббуси билан 21 та ҳолатда пора бериш жинояти аниқланиб, қонун устуворлиги таъминланган.

Пора олмаган ва бу ҳақда белгиланган тартибда хабар берган ходимларга жами 80 миллион 500 минг сўм миқдорида пул мукофоти ажратилган.
Жамоатчилик кенгаши аъзолари бошқармада коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишлар билан ҳам таништирилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири