Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўн икки нафар хитойлик талаба СамДУ бакалавриат босқичида таҳсил олишни бошлади
20:18 / 2023-09-28

Самарқанд давлат университети Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институтининг иқтисодиёт таълим йўналишига 12 нафар Хитой ёшлари талабаликка қабул қилинди.

Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Ахатов ва институт директори, доцент Шоҳруҳ Жўрақуловлар Хитойлик талабалар билан учрашиб, олийгоҳ ҳақида батафсил маълумот берди.  

СамДУ ахборот хизмати хабар беришича, улар алоҳида гуруҳда маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар томонидан ўқитилади. Биласиз, ўқишини муваффақиятли тамомлаган талаба Самарқанд давлат университети дипломига эга бўлади.  

– Самарқанд давлат университетига алмашинув дастури доирасида маълум муддатга бир қатор чет эллик талабалар келишади, – дея маълумот берди Акмал Ахатов. – Ушбу талабаларни шартнома асосида қабул қилдик. Университетда хорижлик йигит-қизларнинг ўқиши учун барча шароит яратилган. Чет тилини биладиган маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилганмиз.  

Қайд этилишича, талабалар халқаро дастур асосида ўқитилади. СамДУга ташриф буюрган хитойлик ота-оналар билим юртидаги муҳит билан танишиб, яратилган имкониятлардан мамнунлигини билдирди.  

– Самарқанд давлат университети талабаси бўлдим. Бу ердаги шароитлар билан танишганимизда хитой тили ва маданияти маркази ҳамда Конфуций майдонининг борлиги эътиборимни тортди, – деди хитойлик талаба Ҳоу Руифенг. – Биз ўқийдиган бинода ўзбек ва хитой маданиятини акс эттирувчи сурат ва рамзий белгиларни кўриб қувондим. Дарсларимиз инглиз тилида олиб борилади. Энг асосийси, ўқишимиз ва яшашимиз учун қулайликлар мавжуд.  

– Самарқандга илк бор келишим, шаҳар менга жуда ёқди. Самарқанд давлат университетига фарзандларимизни келиб жойлаштирдик, – фикр билдирди талабалардан бирининг онаси Юе Ҳаиоу. – Хорижий талабалар турар жойидан ётоқхона ажратилди. Шароитлари жуда яхши. Бу ерда ўндан зиёд хорижлик талаба таҳсил олиши мени хурсанд қилди. Жумладан, хитойлик талаба ва тадқиқотчилар ҳам бор. Ўқитувчилар университет фаолияти билан таништирди. Амин бўлдимки, талабалар чиройли ва замонавий биноларда ўқишяпти.  

 

Б.Худойбердиев, ЎзА