Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омонхона ва Сангардак “Туризм қишлоғи” мақомини олади
15:17 / 2021-01-28

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона шифобахш суви, Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғи эса ноёб шаршараси билан дунёга танилган. Шунингдек, пурвиқор тоғлар қўйнидаги сўлим гўшаларнинг сержило табиат манзаралари ҳам сайёҳларни мафтун этмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор мазкур қишлоқларга маҳаллий ва хорижлик саёҳлар қизиқишини янада оширди. Шу боис ҳам ҳар иккала ҳудудда “Туризм қишлоғи” мақомини олиш истаги кучайиб бормоқда.

– Бу мақомга эга бўлган қишлоқ ёки маҳалла инфратузилмаси тубдан яхшиланиб, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилади, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Х.Холниёзов. – “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Сангардак ва Омонхона қишлоғи аҳолисининг ҳам ана шу имкониятдан фойдаланиб, ҳудудда замонавий инфратузилмани ривожлантриши учун катта имконият мавжуд. Шу мақсадда биз давлат хизматлари маркази, давлат солиқ инспекцияси, тижорат банклари мутасаддилари билан иккала қишлоқда бўлиб, аҳолига “Туризм қишлоғи” мақомининг мазмун-моҳиятини янада кенгроқ тушунтираяпмиз. Оилавий меҳмон уйи ташкил этиш ёки сайёҳларга бошқа хизматлар кўрсатиш истагини билдираётган тадбиркорларга тегишли кўмак бераяпмиз. Бу мазкур қишлоқларда аҳоли бандлигини таъминлаб, қўшимча даромад манбаи яратишга қаратилгани билан ҳам кўпчиликка манзур бўлаётир. Шу боис ҳар иккала қишлоқ аҳли жорий йилда ана шу мақомни олишга интилмоқда.

Айни пайтда Сангардак қишлоғида 12 та оилавий меҳмон уйи, савдо, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этилган. Мафтункор табиат манзаралари, салқин ва тоза ҳавоси, зилол шаршараси билан сайёҳларни ўз бағрига чорлаётган қишлоқда “Хўжа илғор” зиёратгоҳи ҳам бор.

Омонхона қишлоғида битта замонавий меҳмонхона, санаторий, аралаш моллар бозори, 18 та оилавий меҳмон уйи, умумий овқатланиш ва бошқа савдо шохобчалари маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Сайёҳлар Омонхона шифобахш суви ёрдамида саломатлигини тиклаётир. “Хазрати Султон Балогардон”, “Камари азиз” қадомжоларини зиёрат қилиб, ҳудуднинг бой тарихини ўрганмоқда.  

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири