Инсон ва табиат
Тахтиқорача довонидан ўтганмисиз? Балки бу йўл ҳақида эшитгандирсиз. Ҳа, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур томонидан бунёд этилган сарой ва боғ номи билан аталадиган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи довон бу.
Ана шу довондан ўтаётганда, йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъий назар, атрофга боқиб, унинг гўзаллиги, бетакрор табиатидан завқланасиз, ҳайбатли тоғлар ва улар билан бўйлашаётган ўрмонларни ҳайрат ва ҳавас билан томоша қиласиз. Омонқўтон қишлоғи дейилади, бу жойлар.
Гарчи довон бироз пастроқдан бошланса-да, ҳудудда Қоратепа, Терсак сингари баҳаво, кўркам масканлар бўлса-да, Омонқўтоннинг чиройи, табиати ўзгача. Шу боис кейинги йилларда мазкур тоғли ҳудудда туризмни ривожлантириш, бу ерда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиши, мароқли ҳордиқ чиқариши учун кенг имконият, қулайликлар яратилмоқда. Омонқўтон ва Терсак маҳаллаларига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди. Ва бу борадаги ишлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Лекин ҳозир бу ҳақда эмас, мазкур ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва қайта тиклаш мақсадида бундан тўрт йил аввал ташкил этилган “Омонқўтон” миллий табиат боғи ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
– “Омонқўтон” миллий табиат боғи Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 мартдаги қарори билан Самарқанд вилояти Ургут тумани Омонқўтон тоғли ҳудудида ташкил этилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департартаменти тасарруфидаги “Омонқўтон” миллий табиат боғи директори Азамат Амруллаев. – Ургут ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 1,5 минг гектар ер майдони миллий боғ учун берилди. Бу ер майдоннинг 1000 гектари қўриқхона зонаси, 400 гектари рекреацион ва 100 гектари хўжалик юритишга мўлжалланган ерлар ҳисобланади. Асосий мақсад мазкур ҳудудда ноёб ҳамда йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш, такрор кўпайтириш, қайта тиклаш ҳамда ўрмон фонди ерларида экотуризмни янада ривожлантиришдир. Ўтган қисқа вақт давомида ушбу мақсад йўлида муайян ишларни амалга оширишга эришдик. Биринчи навбатда “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунга асосан, боғ ҳудудида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашга эътибор қаратилди. Авваллари аҳоли томонидан ҳудудда чорва моллари боқиш, дарахт ёки буталарни кесиш, доривор ўсимликларни териб олиш одатий ҳол бўлган. Биз бунга барҳам бердик, миллий табиат боғи тартиб-қоидаларини одамларга тушунтирдик, тарғибот ишларини олиб бордик. Табиатдан нафақат биз ва бугунги авлод, балки келажак авлодлар ҳам баҳраманд бўлиши лозимлиги, ҳудуд табиий муҳитини сақлаб қолиш энг асосий вазифа эканлигини тушунтирдик. Миллий табиат боғида кириб-чиқиш жойларида, аҳоли яшаш манзилларига туташ ҳудудларда назоратни кучайтирдик, кези келганда, тартибга бўйсунмаганларга чора кўрдик.
Маълумотларга кўра, Омонқўтонда 1300 турдан зиёд ноёб ўсимлик ва дарахт турлари, 120 турдан кўпроқ ҳайвон ва жонзотлар яшайди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган. Бугунги кунда боғда 15 нафар ходим ана шу ноёб бойликни асраб-авайлаш масъулиятини ўз зиммасига олиб меҳнат қилмоқда.
– Кўрилган чора-тадбирлар натижасида табиат ўзига келди, ҳайвонот дунёси – қушлар, судралиб юрувчилар сезиларли даражада кўпайди, бўри, тулки, қуён каби жонзотлар тез-тез кўзга ташланмоқда, ноёб ўсимликлар, хусусан, уларнинг “Қизил китоб”га киритилган 37 тури олдинлари кам учраган бўлса, ҳозир ҳудудда кенг тарқалди, – дейди Азамат Амруллаев. – Ҳудуд ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ва кўпайтириш, янги ноёб турларни аниқлаш ҳамда уларни “Қизил китоб”га киритиш мақсадида илмий изланишлар олиб бориш учун Самарқанд давлат университети ботаника, зоология кафедралари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Олим ва мутахассисларни таклиф этиб, ҳудуд табиатни ўрганиш, йўқолиб бораётган турларни кўпайтириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга киришдик. Мисол учун, Омонқўтон тоғ лоласини инвитро усулида кўпайтириш бўйича тажриба ўтказдик ва бу синов муваффақиятли ўтгач, катта ҳудудларда экиб, ўтган йил жуда гўзал бир манзара яратилди. Бу тажриба миллий табиат боғида яна бошқа ноёб ўсимликларни ҳам шу тарзда кўпайтириш мумкинлигини кўрсатди.
Бундан ташқари, миллий табиат боғида ов қилиш тақиқлангани туфайли кўчиб юрувчи қушлар ва бошқа ҳайвонлар ҳам йил фаслларининг маълум пайтларида бизнинг ҳудудга кела бошлади. Масалан, етмиш йилдан буён келмаган Зарафшон қирғовули яна Омонқўтон тоғларида пайдо бўлди. Ўтган йил боғимизга туташ Қоплотонсой деган жойга она айиқ икки боласи билан келганини кўрдик. Бир вақтлар бу тоғларда айиқ бўлган, лекин кейинчалик йўқолиб кетган эди. Ҳудуд миллий табиат боғига айлантирилиб, муҳофазага олингач, ёввойи ҳайвонлар ўрмонларга қайтмоқда. Ҳозир тоғларимизда бўри, тулки, қуён ва бошқа ҳайвонлар учрайди.
[gallery-27079]
Омонқўтон тоғларида бир неча юз йиллик Зарафшон тоғ арчаси, аччиқ бодом, дўлана, учқат ва бошқа кўплаб ноёб дарахт ва бута кўчатлари ўсади. Бу ерда 1878 йилда Европа ўрмонларида ўсадиган айлант, акация, заранг, эман, ясен, қирим қарағайи сингари дарахт кўчатлари экилган ва айни пайтда бу дарахтлар кўкка бўй чўзиб ҳудудни қуюқ ўрмонзорга айлантирган. Азамат Амруллаевнинг қайд этишича, кейинги йилларда миллий боғ ҳудудида чорва моллари боқилишига барҳам берилиши ва муҳофаза чораларининг кучайтирилиши натижасида ноёб дарахт ва буталарнинг уруғи ёки томиридан кўпайиши кузатилмоқда. Ўтган йил кузда ўтказилган мониторингда миллий боғ ҳудудида бир миллион тупдан ортиқ шундай ниҳоллар ўсгани аниқланди. Шунингдек, тоғ этагидаги бир пайтлар суви тўхтаб қолган ўндан ортиқ булоқлар яна кўз очиб, улардан зилол сув оқмоқда.
Албатта, бу натижалар “Омонқўтон” миллий табиат боғи ходимларининг қисқа фурсатда амалга оширган заҳматли меҳнатларининг илк самаралари ва улар бу йўлда доимий изланишда. Бинобарин, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни бутун гўзаллиги, наботот ва ҳайвонот олами билан асраб-авайлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Агар йўлингиз тушиб, Тахтиқорачадан ўтаётган бўлсангиз, албатта, Омонқўтонда тўхтаб ўтинг, унинг гўзал табиатидан, мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлинг!
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cFKzHK7YFrM" title="Omonqo‘tonga ayiq qaytdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (видео, сурат),
ЎзА мухбирлари