Географик жиҳатдан денгиз йўлидан айри Ўзбекистон учун араб давлатлари билан ҳамкорлик қилиш Марказий Осиёнинг халқаро транзит, транспорт ва коммуникация тармоғини такомиллаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Шу боис ҳукуматимиз кейинги йилларда, жумладан, Арабистон ярим ороли жануби-шарқида жойлашган Ўмон султонлиги билан турли соҳа ва йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Яқинда Ўмоннинг етакчи нашрларидан бири – “Times of Oman” газетасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Ўткир Алимовнинг “Ўзбекистон ва Ўмон муносабатини мустаҳкамлашда муштарак мақсадлар бисёр” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Муаллиф қайд этишича, “...араб мамлакатлари Марказий Осиё учун Ўрта Ер, Қизил ва Араб денгизлари, Сувайш канали ва Форс кўрфази орқали жаҳон бозорига чиқиш йўлида транзит вазифасини ўтайди. 2016 йил Эрон Ислом Републикаси, Ўмон султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида халқаро транспорт ва транзит йўлаги яратиш тўғрисидаги Битим кучга кирган. Ҳозир мазкур Aшхобод шартномаси доирасида “Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон – Ҳиндистон” субминтақавий транспорт йўлаги шакллантирилмоқда. Бу саъй-ҳаракат Марказий Осиё мамлакатлари ва Форс кўрфази портлари орқали товарларни узлуксиз ташиш, транзит учун ишончли транспорт йўлаги яратишга йўналтирилган”.
Масқатдаги ҳамкасбларимиз ҳам маданий-маърифий алоқани ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари ўрни муҳимлигини эътироф этмоқда.
Дарвоқе, ушбу нашрнинг халқаро алоқалар бўйича махсус мухбири Ашок Пуроҳитнинг ОАВ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи таҳлилига бағишланган мақоласини тез кунда uza.uz сайтида ўқишингиз мумкин.
Умуман, ҳар икки давлат ҳамкорлик кўламини янада фаоллаштириш тарафдори. Нефть ва газ, кимё, энергетика ва электротехника саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, туристик алмашинув дастурларини биргаликда йўлга қўйиш, йўловчи ва юк оқимини кенгайтириш, ОАВ соҳаси бўйича маданий алмашинувни кучайтириш учун имкониятларимиз бисёр.
ЎзА