Ўмон Султонлигида “Байтул қироа” (Қироат уйи) жамоаси билан ҳамкорликда Туркистон жадидлик ҳаракати асосчиси, атоқли адиб, жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан маърифат кечаси ташкил қилинди.
Маҳаллий китобхонлар Беҳбудий меросининг аҳамияти, унинг ибратли ҳаёт йўли, умрини бахшида этган ҳаётбахш ғоялари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдидар.
Тадбирда илм орқали ўша давр Туркистон жамиятини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган ғоялар, алломанинг шу йўлдаги мислсиз саъй-ҳаракатлари хусусида фикр алмашилди.
– Беҳбудийнинг бирлик ҳақидаги тушунчаси – турли қатлам ва тоифаларни бир халқ, ягона Ватан ичра бирлаштиришга қаратилган эди, – дейди доктор Жиҳод бинт Жабр Ал-Бусаидий. – У она тили нафақат мулоқот воситаси, балки маданий ўзликнинг асоси, мерос ва билимни асрашда муҳим восита эканини яхши англарди. Тил поклигини сақлашга эътибори Маҳмудхўжанинг ислоҳотчи сифатидаги қарашида муҳим ўрин тутган. Адиб таржимаи ҳолининг энг гўзал жиҳати – жавобдан кўра, кўпроқ савол қўйишида. Киши китоб ўқиганда бир вақтнинг ўзида ўйлайди, изланади ва таҳлил қилади.
Мени бир нарса ўйлантиради: Агар Беҳбудий ўзи ҳақида ёзганда бу асар доктор Аҳмад Муса ёки устоз Баҳодир Пирмуҳаммадов тайёрлаган таржимаи ҳолдан фарқ қилармиди? Менимча – ҳа. Зеро, инсон ўзи ҳақида бера оладиган маълумотни бошқа биров айта олмаслиги мумкин ва аксинча.
Сайёҳ Беҳбудий нима сабабдан ўз кузатувларини ёзишдан тўхтаган? Қўлёзма йўқолганми? Ё ўғирланганми? Эҳтимол ўзи барчасидан воз кечгандир? Ва нега? Бу саволларга фақат унинг ўзи жавоб бера оларди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қайси қиёфаси энг кучли таъсирга эга? Театр арбоби эканлигими? Сайёҳлигими? Ёки ноширлигими?
Фикримча, бу саволга жавоб бериш қайси бурчакдан қарашга боғлиқ. Шахсан мен учун энг таъсирли қиёфа – ношир Беҳбудий. Ахир, матбуот унинг ғояларини чуқур ва мунтазам тарзда тарқатишга хизмат қилган стратегик восита эди-да! Шу билан бирга даврий нашрлар турли қатламдаги ўқувчиларга етиб бориб, жадидона фикрий меросни келгуси авлодларга ўтказган.
Маҳмудхўжанинг сайёҳ сифатидаги қиёфасини ҳам чуқурроқ ўрганиш зарур, чунки айнан саёҳатлари дунёқарашини шакллантириб, уни ислоҳотга илҳомлантирган.
Театр арбоби сифатидаги қиёфаси эса, шубҳасиз, ноширлик тажрибасини бойитган, ғояларини одамларга тўғридан-тўғри, таҳрир ёки нотўғри талқин қилиш эҳтимолисиз етказишда муҳим ўрин тутган.
Ва ниҳоят... васият ҳақиқатан қимматли манба. Шу орқали Маҳмудхўжа Беҳбудий кимлигини теран англаш мумкин.
– Самодан келаётган нур инсон йўлдан адашганда титрайди, Маҳмудхўжа шу нурли халқани абадий ҳаракат ва бардавом таъсир билан ифодалашга ҳаракат қилди, – дейди Ибтисом Ал-Ўмония. – Бу ерда биз дин, инсон, Ватан муаммоларини елкасига олган буюк шахслар таржимаи ҳоли билан танишиб, улар шахсини чуқурроқ англаймиз. Тартибсизлик, ажралиш ва қарамлик уруши орасида Беҳбудийнинг қалами беқиёс ҳикмат намоён этади. У ҳаёти давомида диннинг ҳақиқий асоси ва қадриятини тиклаган. Алломанинг фикрича, диннинг энг олий мақсади – инсон. Жаҳолат – фанатизм меваси бўлиб, ҳар қандай урушдан хавфли!
Маҳмудўжа Беҳбудий дунё кезди, сафар қилди. Ҳар қандай ҳолатни жонли, ҳаракатсиз манзарани эса ҳис этиб тасвирлаган. Қўллари эса номаълумни маълумга айлантириб, инсон руҳини олам кенглиги ва яратувчи мукаммаллиги билан бойитиб борди. Оламнинг буюклиги, ҳар бир инсон бетакрорлигини англади.
Хулоса сифатида айтишим мумкинки, миллатни юксалтириш учун фақат билимнинг ўзи етарли эмас. Айнан ҳақиқат ва маърифатга етакловчи машъала – сафар орқали киши дунё чегарасини топади, суннатни уқади, шунга мос яшашни ўрганади.
– Китобда мен кузатган энг муҳим жиҳат: ислоҳот учун кун тартиби, – дейди Суҳайр Толиб Ал-Ҳусания. – Турли замон ва маконда ислоҳотга қандай ёндашув зарур? Масалан, ислоҳотчи Маҳмудхўжа Беҳбудий учун энг муҳим вазифа таълимни яхшилаш, аниқроғи тизимни қайта шакллантириш эди. У таълим ақидага мос, фикрий очиқликни рағбатлантирадиган бўлиши керак, деб ҳисоблаган, жамиятни кўр-кўрона ғояларга эргашишдан, мустамлакачи сиёсатини қабул қилиб, миллатни йўқотишдан асраш мақсадини илгари сурган.
Албатта, бундай янгилик жамиятнинг қаршилигига дуч келади. Бинобарин, баъзи уламолар жадидларни “кофир” деб атаган, чунки уларнинг фикри анъанавий услубга янгича ёндашувни ифодаларди.
Ислоҳот йўлидаги қадамлардан бири – мактаб очиш. Фақат аввал ислоҳ этиладиган тизимнинг ичига кириб, жараён қандай кечиши, нимани ўзгартириш лозимлигини билиш керак эди. Зеро, шу орқалигина ислом маданиятини халқ орасида босқичма-босқич тарқатиш мумкин. Маҳмудхўжанинг миллат тилига эҳтироми, шу тилни атрофдаги бошқа тиллар таъсиридан муҳофаза қилишга интилиши миллий ўзликни сақлашга қаратилган муҳаббат ва амалий саъй-ҳаракатдир. Унинг сафарлари эса шахсини ривожлантирган энг муҳим омил сифатида ҳар бир инсон учун ўзини таниш ва тузатиш, кейин жамиятни ислоҳ қилишга киришиш намунасидир.
– Китоб муқовасини илк бор кўрганимда, тахаллус эътиборимни тортди ва маъносини топишга киришдим, – дейди Наҳо Санҳоний. – Шу аснода шарҳ учун ғоя пайдо бўлди – китоб эмас, балки яқиндан билиш бахтига муяссар бўлганим – мутафаккир ва маърифатпарвар шахс.
Айтадиларки, исм инсоннинг тақдирини белгилайди. Балки Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз тақдирини ўзи ёзгандир...
Маҳмуд шунчаки исм эмас, балки сазовор бўлинувчи ном. Беҳбудий бу номга ҳақли – худди узун ва қоронғи ер ости йўли охиридаги ёруғликдек. Уни одамлар фақат яхши кўргани учун эмас, балки ҳаётида ўз қадри, шаънини кўргани учун мақтаган. Маҳмуд ўзи эмас, бошқаларни деб яшади.
Хўжа одатда дин ва илм аҳлига тегишли мақом. Беҳбудий эса шу маънога янги нафас бахш этди. Анъанавий эмас, балки янгиликка интилган хўжа сифатида динни кишиларни ухлатувчи эмас, озодликка етакловчи кучга айлантирди. Сўзни минбардан амал майдонига олиб ўтди. У шубҳасиз шайх, қўрқмас муаллимдир.
Беҳбудий фақат тахаллус эмас, тақдир ҳам. Форсийда “беҳбуд” яхшилаш, ислоҳ маъносини англатади. У ўз исмидан лойиҳа, лойиҳасидан ғоя, ғоясидан амал яратди. Мактаблар очди, газеталарни таъсис этди, драмалар ёзди, саёҳат қилди. Ислоҳотни бузиш эмас, балки инсонни ўз ақли, тафаккури, шаъни ёрдамида шакллантириш, деб билди.
Қисқаси, у Маҳмуд, яъни самимий эди. Хўжа эди, чунки ўқитди. Беҳбудий эди, чунки ислоҳ қилди. У ўз исмини уч хил мукаммал маънога айлантирди: шуҳрат, илм ва рисола. Демак, бу исм тасодиф эмас, аксинча алломанинг ҳаётига қўйилган аниқ сарлавҳа. Унинг ҳаёти тарих виждонида ва ҳаммамизнинг қалбимизда шивирлаб турибди: Ислоҳот шиор эмас, тақдир.
– Ислоҳотчи ва янгиликпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий умрининг аламли ва қайғули якуни менга қаттиқ таъсир қилди, – дейди Раҳма Ал-Вуҳайбий. – У ҳеч қачон тоифапараст ёки ирқчилик тарафдори бўлмаган. Аксинча, миллат бирлигига, жамият ва динлар ўртасидаги ҳамжиҳатликка даъват қилган, Ватанни юксалтириш йўлида хизмат қилишни олий мақсадга айлантирган.
Афсуски, шу даражада холис ва улуғ ниятли эканлигига қарамай, туҳмат ва золимлик қурбонига айланди. Ҳақиқий адолатсизлик ила ноҳақ қатл этилди.
Шаҳид кетишидан аввал у ўз дўстлари ва шогирдларига васият қилди:
– Илм тарқатинглар, жаҳолат қоронғилигидан одамларни қутқаринглар!
Дунё Беҳбудийдек ўткир зеҳнни йўқотди.
“Маданий китобхонлик уйи” раҳбари Ҳалима Ал-Балуший Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда бир-бирига ўхшаш Ўмон ва Ўзбекистон маданиятининг ажойиб қиёфасини кашф қилганидан мамнунлигини билдирди. Мазкур араб давлатининг фаол зиёли аёлларини бирлаштирган “Қироат уйи”да Маҳмудхўжа Беҳбудий шахси, таржимаи ҳоли нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунё аҳлини илҳомлантирувчи манба эканини эътироф этди:
– Беҳбудийнинг буюклиги шундаки, у миллат тараққиёти учун ҳамиша долзарб бўлиб қоладиган, барча давр ва замонга тегишли муаммо ва масалалар ўқ томирига назар солиб, ҳар қандай иллатга аниқ ташҳис қўя олган, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чорасини ҳам илмий, ҳаётий жиҳатдан асослаб берган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА