Ўмон Султонлигида уч ойда бир марта нашр этиладиган “Al-Takween” журнали электрон нашрида “Oman” газетаси мухбири, журналист Салим бин Ҳамдан Ал-Ҳусайнийнинг Ўзбекистонга бағишлаб ёзган қасидаси эълон қилинди. Ушбу муаллиф юртимиз васф этилган навбатдаги асарида кўп асрлик тарихий қадриятларимиз, миллий меъморчилик меросимиз, ҳунармандлик анъаналаримиз тасвирланган.
Жорий йил сентябрь ойида дўстлари билан диёримизга келган бу ҳамкасбимиз шеърий мисралари орқали Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг дурдонаси, дея тавсифлайди. Тарихий аҳамияти, географик жойлашуви билан мутаносиб равишда мамлакатимиз халқаро мавқеини мустаҳкамлашга интилаётганини таъкидлайди. Юртимизнинг шонли тарихи, бетакрор табиати, ўзига хос маданияти ва буюк аждодларимиз илмий меросидан илҳомланганини эътироф этади.

“Ер юзининг сайқали – Самарқанд, Ислом олами маданияти пойтахти – Бухорои шариф, гуллар шаҳри – Наманган ҳамда Тошкенти азим сайри”дан олинган таассурот асосида ёзилган ушбу битик яна бир ўмонлик тадбиркор Абдуллоҳ Ар-Раҳбий томонидан куйланиб, мухлислар қалбига кириб борди. Жумладан, асарда “Ўзбекистон… улуғлар замини сен, Шон-шуҳрат манбаи, ардоқли Ватан” сингари гўзал мисралар бор.
– Юртимизга бағишланган мазкур қасида дўстона, чуқур ўзаро ҳурматга асосланган Ўзбекистон – Ўмон муносабатининг ўзига хос рамзидир, – дейди Элчи Абдусалом Ҳотамов.

М.Пирматова, ЎзА