Танқид ва натижа
Жорий йилнинг июль ойида сайтимизда Қашқадарё вилояти Қарши тумани Туморчи қишлоғи аҳолисининг мурожаатига асосан “Омонат симёғочлар, тартибсиз линиялар ва ночор электр таъминоти” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда мазкур қишлоқдаги Ғалабанинг 40 йиллиги кўчасидаги хонадонлар бир неча йилдан буён электр таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келаётгани таъкидланганди. Хусусан, бетон устунлар эскириб, хавфли аҳволга келиб қолгани, айрим хонадонларга қўлбола симёғочлар орқали ток узатилаётгани, натижада тартибсиз ва хавфли электр тармоқлари вужудга келаётгани қайд этилганди. Шунингдек, кучли шамоллар оқибатида симлар бир-бирига чалкашиб, электр таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида мурожаатчилар ўз фикрларини билдиришган.

Воқеа жойига етиб келган туман масъуллари эса вазиятни ўрганиб, раҳбарларнинг алмашинуви ва бошқа сабаблар билан масала эътибордан четда қолганини таъкидлаб, қисқа муддат ичида муаммони ҳал этишга ваъда берганди.

Қарши тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси Дилшод Азизов Туморчи қишлоғидаги ҳолат ўрганилганини, муаммо ҳақиқатан мавжудлигини маълум қилди. Унинг айтишича, қишлоқда замонавий ёпиқ кабеллар тортилган, бироқ ишлар тўлиқ якунланмаган. Яқин кунларда барча ишлар ниҳоясига етказилиб, аҳоли сифатли электр энергияси билан таъминланиши, симёғочлар муаммоси эса босқичма-босқич ҳал этилиши белгиланган.
Куни кеча мурожаатчилардан хушхабар олдик. Уларнинг таъкидлашича, муаммолар бартараф этила бошлабди.
Дастлаб тармоққа уланмаган ёпиқ кабеллар фаолиятга қўшилди, қўлбола тортилган хавфли линиялардаги муаммолар бартараф этилди. Бир неча кун аввал кўчага 10 та янги бетон устунлар келтирилиб, бугун туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан уларни ўрнатиш ишлари бошланди.
Албатта бундай ўзгаришлардан узоқ йиллардан буён электр таъминоти масаласида қийналиб келаётган Туморчи қишлоғининг Ғалабанинг 40 йиллиги кўчасида яшовчи ўнлаб хонадон вакилларининг кўнгиллари тоғдек кўтарилди.
Бунинг учун танқиддан тўғри хулоса чиқариб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглаб, муаммони вақтида бартараф қилган Қарши туман ҳокимлиги ва туман электр таъминоти корхонасига ҳам алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА