Сирдарё вилоятининг Ёшлар марказидаги мажлислар залида Спорт вазирлиги ишчи гуруҳи иштирокида оммавий спортни ривожлантириш ва аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида жисмоний фаолликни кенгайтириш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Тадбирда Спорт вазирлиги масъул ходимлари Шерзод Олимов ва Навруз Шоймордонов, вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобур Акрамов, вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Дониёров ҳамда ҳудуддаги спорт таълим муассасалари раҳбарлари, ёшлар етакчилари ва соҳанинг малакали мутахассислари иштирок этишди.

Семинар давомида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш ва ёшларни спортга кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими орқали спортга қизиқиши бўлган ёшларни рўйхатга олиш ва уларнинг фаоллигини назорат қилиш жараёнларини такомиллаштириш йўллари кўриб чиқилди.

Иштирокчилар аҳоли ва ёшлар орасида жисмоний фаолликни ошириш, спорт тадбирлари ва мусобақаларни кенг жорий этиш ҳамда спорт муассасалари фаолияти самарадорлигини юксалтиришга оид фикр ва таклифлар билан ўртоқлашишди. Семинар якунида соҳадаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича масъул шахсларга аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири