Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оммавий спорт турлари бўйича “Талабалар лигаси” ташкил этилади
08:40 / 2023-08-20

Давлатимиз раҳбарининг “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида оммавий спорт турлари, жумладан, баскетбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва футбол спорт турларини ривожлантириш ҳамда улар бўйича “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларини ташкил этиш белгиланди.

Шу мақсадда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида амалий семинар бўлиб ўтди. Унда “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.  

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда спорт федерациялари вакиллари, олий таълим муассасалари мутасаддилари, мураббийлар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этган семинарда олий таълим муассасаларида Жисмоний тарбия ва спорт кафедраларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Спорт клублар фаолиятини йўлга қўйиш “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.  

Давлат олий таълим муассасаларида жорий ўқув йили учун талабаларни тураржой билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш каби муҳим масалалар ҳам муҳокама этилди.  

Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларининг сони ошгани, шу билан бирга, мазкур олийгоҳларда фаолияти тўхтатилган жисмоний тарбия ва спорт кафедраларини тиклаш, мавжудларини замон талаблари асосида ривожлантириш, ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш масалалари ечими бўйича мулоҳазалар билдирилди.  

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ дастурларни амалиётга жорий этиш зарур. Ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ва тренерлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадга мувофиқ. 

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов яқинда Хитойда ўтказилган Бутунжаҳон талабаларининг “Универсиада” ўйинларида мамлакатимиз спортчилари иштироки хусусида тўхталиб, “Талабалар лигаси” мусобақалари йўлга қўйилиши халқаро мусобақаларда муносиб ютуқларга эришишга хизмат қилишини таъкидлади.

Семинар якунида иштирокчилар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг талабалар тураржойлари, спорт иншоотлари ва уларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ушбу йўналишларда ҳамда “Талабалар лигаси”ни ўтказишда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.  

Т. Рўзиев, ЎзА