Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оммавий спорт мусобақаларининг финал босқичига старт берилди
17:43 / 2024-12-10

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида оммавий спорт мусобақаларининг республика финал босқичига старт берилди.

Жорий йилдаги мусобақалар Қарши давлат университети ва Қашқадарё вилоятининг бошқа олий таълим муассасалари мезбонлигида ўтказилмоқда.   

“Беш ташаббус олимпиадаси” финал босқичининг тантанали очилиш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги раҳбарлари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, спорт соҳасида эътироф этилган мутахассислар маросимнинг фахрий меҳмонлари сифатида ташриф буюрди.   

Тантанали маросимда масъуллар мусобақада қатнашувчи барча спортчи-талабаларни қизғин қутлаб, уларга омад ва муваффақият тилади. Ушбу олимпиада ёшларнинг иқтидорларини юзага чиқариш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтилди.   

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида мусобақалар олий таълим муассасалари талабалари ўртасида спортнинг мини-футбол, стол тенниси, волейбол, енгил атлетика, стритбол турлари бўйича тўрт босқичда ўтказилмоқда.   

Мусобақалар гуруҳлараро, факультетлараро, университет (институт)лараро ҳудудий босқичларда ўтказилиб, ғолибликни қўлга киритган талабалар республика финал босқичида ўз маҳоратларини намоён этмоқда.   

Таъкидлаш лозимки, жорий йилда 147 та олий таълим муассасасида спортнинг 5 тури бўйича мусобақалар ўтказилди. Уларда 441 минг 869 нафар талаба иштирок этди, шулардан 211 минг 777 нафари қизлардир.   

Жорий йилги финал босқичида умумий ҳисобда 574 нафар иштирокчи қатнашмоқда.   

– Мазкур мусобақалар ёшларни жисмоний тарбияга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва талабалар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бош мутахассиси Алишер Исломов. – Шунингдек, мусобақалар орқали иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни келажакда профессионал спортга жалб қилиш имконияти яратилади. Айтиш жоизки, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақалар икки йилдан буён анъанавий равишда ташкил этиб келинмоқда. Талаба ёшларнинг қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Мусобақаларнинг дастлабки йилларида 28-30 фоиз ёшларни қамраб олган бўлсак, бугунги кунда бу кўрсаткич 60 фоизга яқинлашди. Албатта бу талаба ёшларнинг спортга бўлган эътиборини ошаётганини исботи.   

[gallery-20794]

Маълумот ўрнида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида оммавий спорт мусобақаларининг республика финал босқичи 13 декабрга қадар давом этади.   

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов, (сурат), ЎзА мухбирлари