Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректорати, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва Филология факультети деканати ташаббуси билан 1 декабрь – Қорақалпоқ тили байрами куни ва қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллигига бағишлаб оммавий диктант тадбири ташкил этилди.
Тадбирда институтнинг барча факультетларидан 300 нафарга яқин талаба-ёш, профессор-ўқитувчи, тьютор, педагог ва мутахассис ходимлар иштирок этишди.

Оммавий диктантни ўтказишдан асосий мақсад институт жамоаси, шу жумладан, ёшлар ўртасида қорақалпоқ тилига ҳурмат ҳиссини кучайтириш, саводхонлик маданияти ва қорақалпоқ тилининг нуфузини янада оширишдан иборат бўлди.
Диктант жараёнида иштирокчилар учун қорақалпоқ тилининг жамиятдаги ўрни ҳақида ёзилган матн танлаб олинди. Иштирокчилар белгиланган вақт давомида матнни қорақалпоқ тилининг имло қоидаларига мувофиқ тарзда ёзишга ҳаракат қилишди.

Оммавий диктант якунлари бўйича ғолиб бўлган ва фаол иштирок этган ёшлар ташкилотчилар томонидан тил байрами кечасида тантанали равишда тақдирланади.
Ёшлар ўртасида қорақалпоқ тилига бўлган ҳурматни янада мустаҳкамлашга қаратилган бундай маърифий тадбирлар келгусида ҳам давом этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири