Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омилкорлик, меҳнатсеварлик самараси
15:47 / 2015-09-30

“Севинч нур файз” фермер хўжалигини Чиноз туманида илғорлар қаторида тилга олишади. Камолидин Араббоев раҳбарлик қилаётган хўжалик ташкил топган 2007 йилдан буён давлатга пахта ва ғалла сотиш шартнома режасини мунтазам ортиғи билан бажаради.

“Севинч нур файз” фермер хўжалигини Чиноз туманида илғорлар қаторида тилга олишади. Камолидин Араббоев раҳбарлик қилаётган хўжалик ташкил топган 2007 йилдан буён давлатга пахта ва ғалла сотиш шартнома режасини мунтазам ортиғи билан бажаради. Хўжалик экин майдони нисбатан чоғроқ – 34 гектар бўлишига қарамай, кўпчилик фермерларга намуна бўла олади.

Хўжалик бу йилги ғалла мавсумида дон сотиш режасини муддатидан аввал бажарди. Энг муҳими, 22 гектарда ундирилган буғдой ҳосили гектаридан 60 центнердан тўғри келди. Белгиланганидан ортиқ хирмон уйди. Қолганини хўжалик ишчилари тенг тақсимлаб олди. Ҳозир улар ғалладан бўшаган ерда картошка, пиёз, сабзи, карам ва бошқа қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштирмоқда...

– Деҳқон учун осон ва қулай келадиган йилнинг ўзи бўлмайди. Лекин бу йил табиат бардош ва маҳоратимизни ғоят қаттиқ синовдан ўтказди, – дейди фермер. – Баҳорги тинимсиз ёғингарчиликлар кўз очирмай қўйди. Чигит экиш учун ҳаммаси тахт, бироқ ер тайёр эмас... Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларича бор экан. Ўқиган, ўрганганларимизга, қолаверса, тажрибага таяниб мавсум бошида хўжалигимизнинг 12 гектарига юқори навли чигит уруғини қададик. Бир ҳафта деганда тўлиқ унди. Барча керакли агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли бажардик. Зарур табиий ҳамда минерал ўғитларни аямадик. Бунда техникаларимизнинг бутлиги, ишни белгиланган тартибда олиб борганимиз қўл келди. Шукр, меҳнатимиз зое кетмади...

Бугун фермернинг қалбини тўлқинлантираётган фахр ҳиссининг чеки йўқ. У пахтадан мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлди.

– Гувоҳи бўлаётганингиздек, далада ҳали пахта мўл, – дейди Камолиддин ака. – Шунинг ҳисобига бу йилги ҳосилдан 50 миллион фойда қилишни режалаштиряпмиз. Унга хўжалигимизда қўшимча тармоқ фаолиятини йўлга қўйиш ниятидамиз.

Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимидан маълум қилишларича, чинозлик фермерлар жорий йилда 7 минг 500 гектар майдонда пахтанинг “С 65-24”, “Порлоқ” каби иқлимга мос, эртапишар навларини ундирган. Ғўзани тунги суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, чопиқ қилиш ишларида илғор агротехник тадбирлар қўлланилган. Чеканка қилиш, бегона ўтлардан тозалашда тажрибали мутахассислар маслаҳатига амал қилинган. Натижада мўл ҳосил етиштирилди.

Бугун оппоқ товланиб, кўзни қувонтираётган пахтани қисқа муддатларда йиғиштириб олиш учун барча юмушлар белгиланиб, теримчиларга зарур шароит ва қулайликлар яратилмоқда. Тиббий, маданий, савдо хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган. Теримчиларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, кўнгилочар дастурлар ташкил этилмоқда.

– Фермер хўжаликлари дала шийпонларида маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ўтказилмоқда, –дейди Маънавият тарғибот маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари Маҳмуд Назаров. – Зеро, теримчиларнинг бўш вақти мазмунли ва мароқли ўтса, меҳнат унумдорлиги ошади. Шу мақсадда вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда маданий тадбирлар ўтказмоқдамиз.

Пахта йиғим-терими мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техника воситаларининг соз ва самарали ишлашига эришиш мақсадида вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, пахтага ихтисослашган ҳудудларда аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Фермер ва ишчилар, теримчилар иштирокида ўқув-семинарлар ўтказилди. Бу тадбирларда мавсумда қатнашадиган ҳар бир кишининг масъулияти, зиммасига юклатилган вазифалар, ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунча ва тавсиялар берилди. Пахтазорларга яқин ҳудудларда огоҳликка чорловчи баннерлар ўрнатилди.