Ҳар бир ҳудуднинг деҳқончиликда ўз йўналишлари бор. Қайсидир ҳудудда боғдорчилик ривожланган бўлса, яна қайсидир ҳудуд кишилари асосан сабзавот ёки полиз маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланади.
Чироқчи туманининг Чоршанбе маҳалласи аҳолиси кўпроқ чорвачиликни маъқул кўришади. Боиси асосий майдони лалмикор, яйдоқ адирликлардан иборат бўлган бу ҳудудда деҳқончилик қилиш осон эмас.
Бироқ “Қаловини топсанг қор ҳам ёнади” деганларидек, шу маҳаллалик 71 ёшли Тожиҳол Бекмуродова бир гектарлик қаровсиз ҳудудни ўзлаштириб, ертўла усулида иссиқхона ташкил этган. Бугун бу иссиқхонада ҳақиқий тропик манзарадан кишининг кўзи қувонади.
– Йигирма икки йил мактабда ўқитувчилик қилганман, – дейди Тожиҳол Бекмуродова. – Фарзандларим улғая бошлагач, оиланинг даромадини ошириш, қандайдир тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб юргандим. Ана шундай кунларнинг бирида Фарғона вилоятидаги қариндошларникига меҳмонга бордим. Уларнинг деҳқончилик ишлари билан танишдим. Боғлари, иссиқхоналарини кўриб, дилим яйради. Шу билан бирга, бир парча ердан ҳам миллионлаб даромад олишини эшитиб, юрагим оғриди ҳам. Ахир бизда катта-катта майдонлар фойдаланилмасдан, бўш ётгандида. Хуллас, меҳмондорчиликдан шу ишларни мен ҳам қиламан, деган қатъий мақсад билан қайтдим.
[gallery-10937]
Ана шу режани амалга оширишга қатъий киришган Тожиҳол Бекмуродова дастлаб фарзандлари билан биргаликда “артезан” қаздириб, ер ости сувини чиқаради. Сўнг, бир гектар майдонда ертўла усулида иссиқхона қуриб, у ерга лимон, апельсин ва мандарин кўчатларини ўтқазади.
— Ҳозир барча кўчатларимиз тўлиқ ҳосилга кирган, – дейди Тожиҳол Бекмуродова. – Йилига 20-25 тонна ҳосил олаяпмиз. Бундан ташқари, чорвачилик ҳамда очиқ майдонда полиз ва сабзавот экинларини етиштириш билан шуғулланамиз. Фарзандларим, қиз-келинларимнинг барчаси ўзимизнинг томорқада меҳнат қилади. Албатта, шунга яраша яхшигина даромад ҳам топамиз. Янги уй-жойлар қурдик, тўйлар қиляпмиз, машиналар миняпмиз, буларнинг барчаси меҳнатимиз ортидан-да.
Тожиҳол Бекмуродова биз билан суҳбатлашар экан, тўрт йил аввал бир дона шафтоли кўчатини олиб келиб, синов учун иссиқхона шароитида парваришлаб кўрганини айтиб қолди. Аёлнинг таъкидлашича, бу тажриба яхши натижа бериб, “ёпиқ томорқа”даги шафтоли анча эртачи, жуда сифатли ҳамда мўл ҳосил берибди. Бундан руҳланган ташаббускор аёл энди яна бир гектарлик иссиқхона барпо этиб, ёпиқ шароитда шафтоли етиштиришни ҳам йўлга қўймоқчи.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.