Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Ҳусейнова томонидан 2023 йилнинг январь-июнь ойлари давомида амалга оширилган ишлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, фуқароларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш борасидаги Бухоро вилояти минтақавий вакилига жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 108 мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 63 таси ёзма, 45 таси оғзаки мурожаатларни ташкил этади. Шунингдек, ҳисобот даврида жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлардан 8 та, котибият томонидан 11та мурожаатлар қайд этилган. Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш борасида 2023 йилнинг январь-март ойларида тергов Жазони ижро этиш муассасалари ва ҳибсхоналарида 22 маротаба қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш бўйича маҳкум ва маҳбуслар билан суҳбатлар ўтказилган.
[gallery-12523]
Январь ойидаги аномал совуқ пайтида 7 та муассасадаги иссиқлик тизимларининг ишлаш ҳолатларини ўрганиш бўйича мониторинг ўтказилган. Ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш борасида 2023 йилнинг январь-июнь ойлари давомида 10 маротаба тергов ҳибсхоналарида ҳамда жазони ижро этиш колонияларида 12 маротаба маҳкум ва маҳбуслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказилган. Учрашув ва суҳбатлар жараёнида қабуллар ҳам бўлиб ўтган. Маҳбуслар томонидан судларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг минтақавий вакилининг қатнашиши сўралган. Суд жараёнларида уч марта иштирок этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили томонидан ҳисобот даврида вилоятдаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда “Омбудсман ва ёшлар”, “Референдум ва ёшлар”, “Менинг Конституциям” каби мавзуларда тадбирлар ташкил этилган.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Тадбир сўнгида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимларига Омбудсманнинг Бухоро вилояти минтақавий вакилининг ташаккурнома ва совғалари топширилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА