Тошкент шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Oмбудсман) институтининг 29 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – давлатлар барқарор ривожланишининг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Омбудсмани, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамда Фридрих Эберт жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Омбудсмани Феруза Эшматова Ўзбекистон инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш масъулиятини олганини қайд этди. Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасига муҳрланган ушбу сатрлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этади.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ташаббуслар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида янада жадаллашди.
“Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғояга асосланган туб ислоҳотлар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси орқали давом этмоқда.
Конференцияда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ана шу жиҳатларига эътибор қаратилди.
Тадбирда Австралия, Озарбайжон, Венгрия, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Марокаш, Мўғулистон, Норвегия, Покистон, Россия, Сербия, Тайланд, Туркия, Тожикистон ва Туркманистон каби 20 га яқин хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли органлари ҳамда халқаро бирлашмалар вакиллари иштирок этиб, Омбудсман институтининг аҳамияти, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ҳозирги кундаги долзарб масалалар ҳақида фикр алмашди.
[gallery-16116]
Нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТнинг ихтисослашган қўмиталари аъзолари, Европа кенгаши, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венеция комиссияси экспертлари, Халқаро Омбудсманлар институти, Осиё Омбудсманлари ассоциацияси, Германиянинг Макс Планк институти, UPR инфо вакиллари, қатор хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ва юртимиздаги хорижий давлатларнинг элчилари халқаро ва миллий қонун ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ нормалар қандай ишлаётганига эътибор қаратди.
Қайд этиш лозимки, Бош қомусимиз ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар барча ҳудудларда бирдек ишлаши ва кўзланган натижани бериши жуда муҳим.
Омбудсман институти бу жараёнда парламент назоратининг субъектларидан бири сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиниши устидан парламент назоратини амалга оширишда иштирок этмоқда. Бир сўз билан айтганда, Омбудсман фуқаролар мурожаатлари асосида ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ҳукумат эътиборини қаратаётир. Бу эса мамлакатда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлиги таъминланишида жуда муҳим.
Халқаро конференцияда кейинги йилларда Ўзбекистонда бевосита фуқаролар мурожаатлари билан ишловчи Омбудсман фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги замонавий ва самарали механизмлари татбиқ қилингани қайд этилди. Вакилнинг мурожаатлар билан ишлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди. 2022 йилдан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари доимий асосда иш бошлаши мурожаатларнинг жойида тезкорлик билан ҳал этилишига хизмат қилмоқда.
Омбудсман ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини кўриб чиқиш билан бирга, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари билан бирга мониторинг ташрифларини амалга оширмоқда.
2019 йилда 46 маротаба, 2020 йилда 71, 2021 йилда 177, 2022 йилда 381 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 603 тани ташкил этди. Натижада қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди.
Халқаро конференция ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Сессияларда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг парламент ва фуқаролик жамияти билан инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ҳамкорлиги, рақамлаштириш шароитида инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг долзарблиги, Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида гендер тенглик ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг таъминланиши, меҳнат муносабатларининг кафолатлари ҳамда муносиб меҳнат шароитлари яратилиши масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида Туркия, Сербия, Венгрия, Мўғулистон, Италия, Озарбайжон, Россия, Таиланд, Марокаш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатлари Омбудсманлари ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Италия, Мўғулистон давлати Омбудсманлари билан Ўзбекистон Омбудсмани ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Тадбир якунида Тошкент резолюцияси қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА