Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсманга жами 19 мингга яқин мурожаат келиб тушди
15:40 / 2022-02-11

Бугун Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциянинг бажарилиши юзасидан олтинчи даврий ҳисоботи, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг бажарилиши юзасидан учинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича Ҳукумат делегацияси аъзоларининг ҳисоботи муҳокама қилинди.  

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2021 йилдаги фаолиятлари тўғрисидаги ахборотлари эшитилди. Йиғилишни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов олиб борди. 


Қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик янада фаоллашди. Парламент томонидан илк бор Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш тўғрисидаги Миллий маърузаларини муҳокама қилиш амалиёти жорий этилди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияга юртимиз 1995 йилда қўшилган. Шунингдек, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, биринчи бор “жинс бўйича бевосита камситиш” ва “жинс бўйича билвосита камситиш” тушунчалари қонун билан мустаҳкамланди. Мазкур қонунга мувофиқ, қонун ижодкорлиги соҳасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий этилди, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли орган ваколатлари белгиланди. 

Жорий йилнинг 15-16 февраль кунлари БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш Қўмитасининг 81-сессиясида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг олтинчи даврий маърузаси кўриб чиқилиши режалаштирилган. Парламент комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Миллий маърузаси тақдимоти сифатли тайёрланиши учун амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. 

Миллий маърузада Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида камситилишига йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни самарали ёритиш, ислоҳотлар қамрови ва моҳияти тўғрисида аниқ, лўнда маълумотлар бериш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.  


Шунингдек, тадбирда 2022 йил 22-23 февралда БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт талабларининг Ўзбекистон Республикасида бажарилиши ҳолати бўйича учинчи даврий миллий маърузаси кўриб чиқилиши қайд этилиб, мазкур миллий маъруза ҳам муҳокама қилинди. 

Йиғилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотлари ҳам эшитилди. 

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Омбудсман номига жами 18 минг 738 та мурожаат келиб тушди. Шунингдек, Омбудсман томонидан 39 та қонун лойиҳаси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 141 та моддаларига таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

Маълумки, мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилди. 2021 йилда Болалар омбудсмани номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларидан, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан 182 та мурожаат келиб тушди. 

Ҳисобот даврида Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан 123 та сўров давлат ташкилотларига юборилди. Шу билан бирга, бола ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросининг назоратини олиб бориш ва тегишли органлар билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат бошқаруви органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга 47 та сўров жўнатилди. 

Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда 31 та мониторинг ўтказилди.   


Муҳтарама Комилова, ЎзА