Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсманга руҳий, психологик ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани бўйича 143 та шикоят тушган
15:19 / 2022-11-10

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларга нисбатан қийноқлар қўлланилишига йўл қўймаслик бўйича фаолияти сезиларли даражада жонланди.

Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жорий йил 9 ойида 297 мониторинг ташрифи амалга оширилди. Бу олдинги йилларга нисбатан бир неча марта кўп.  

– Ташрифларда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган 4,5 мингдан ортиқ шахс билан жамоавий ва 2 минг 605 нафар шахс билан якка тартибда суҳбат ўтказилди, – деди Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимова. – Мониторинг ташрифларида ёпиқ муассасаларда сақланадиган шахсларнинг шароитлари, хусусан яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ҳамда таълим-тарбия ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.   

Шунингдек, мониторинг ташрифларида жазони ижро этиш муассасаларида, хусусан умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан илк маротаба аноним сўровлар ўтказилди.   

Ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликлар бўйича тавсиялар берилган. Ҳозирда уларни бартараф этиш бўйича ишлар бошланган.   

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга 4 тақдимнома, 3 хулоса ва 1 таҳлилий ахборот, Олий Мажлис палаталарига иккита таҳлилий маълумот киритилди.   

Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан биргаликда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.   

Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва адвокатларидан 2 минг 476 та мурожаат келиб тушган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 16,8 фоизга ошган.   

Мурожаатларнинг 52,2 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслардан келиб тушган. Бу эса уларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқларини амалга оширишда бирон-бир чекловлар йўқлигидан  далолатдир.   

Мурожаатларнинг 582 тасида суд ҳукмидан ҳамда 443 тасида суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларидан шикоят қилинган.   

Мурожаатларнинг 351 тасида тайинланган жазонинг енгиллаштирилиши, муддатидан олдин озод этилиши ва ёки афв этилиши, 143 тасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани, 124 тасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) билан учрашув, 73 тасида бошқа муассасага ўтказиш, 64 тасида суд мажлисида Омбудсман масъул ходимининг иштироки, 63 тасида оила аъзоларига кўмак берилиши ва 32 тасида тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда 34 тасида бошқа масалалар баён қилинган.   

Мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, Омбудсман мурожаатига асосан 4 та мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 14 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғига алмаштирилган ва 5 нафар маҳбуснинг эҳтиёт чоралари енгилроғига ўзгартирилган.   

Маҳкумлар томонидан оиласига кўмак кўрсатиш масаласида келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли ҳокимликлар томонидан 11 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига турли хилдаги иқтисодий ва ижтимоий кўмак кўрсатилган. Шунингдек, Жазони ижро этиш департаменти томонидан тўрт нафар маҳкум Омбудсманнинг мурожаатига асосан яшаш жойига яқин бўлган ҳудудлардаги жазони ижро этиш муассасасига кўчирилган.   

Омбудсман номига руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги масаласида 143 шикоят келиб тушган. Улар назоратга олиниб, Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун назорат хати билан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилинган.   

Ушбу шикоятларнинг ярми юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувлари ва прокуратура идоралари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра, мурожаатларда кўрсатилган важлар тасдиқланмаган. 46 шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.   

Шикоятларнинг 14 таси юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг хатига асосан юқори турувчи прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатини ўтказиш белгиланган.   

Ички ишлар вазирлиги ва масъул идоралар томонидан ушбу шикоятларга кўра ўтказилган хизмат текширувлари якунларига кўра, 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган ва 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Прокуратура томонидан ўтказилган ўрганишларга кўра,  шикоят бўйича маҳкумга қўлланилган интизомий таъсир чораси ноқонуний деб топилган ва бекор қилинган.   

Шикоятлардан биттаси юзасидан ички ишлар органларининг бир нафар ходими Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 2301-моддаси 1-қисмида (Далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.   

Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда у ерда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича таклифлар тайёрланиб, парламент ва тегишли давлат органларига кўриб чиқиш учун юборилган.  

Н.Абдураимова,  

ЎзА