Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсманга келган мурожаатларнинг 6 мингга яқини фуқаронинг ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ
13:00 / 2022-02-15

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида депутатлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди. Ушбу масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова ҳисобот берди.

Қайд этилганидек, 2021 йилда фуқаролар мурожаатлари ва шикоятларни кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, инсон ҳуқуқларини кафолатловчи қонунчилик базасини мустаҳкамлаш Омбудсман фаолиятининг асосий мезонига айланди. Хусусан, ҳисобот даврида Омбудсман ўз фаолиятини фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга, қонунчиликни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг фаолиятига, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олишга қаратди.

Омбудсман парламент назорати субъекти сифатида 11257 та мурожаатни ўз иш юритувига олиб, уларнинг 2517 таси ёки 23 фоизи ижобий ҳал этилди. 2021 йилда Омбудсман томонидан давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 36 та хулоса, 14 та тақдимнома ҳамда фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб судларга 44 та даъво аризалари киритилди. Умумий ҳисобда Омбудсманнинг 2021 йилда таъсир чораларини қўллаши натижасида унинг самарадорлиги 2020 йилга нисбатан 2,4 баробарга ошди.
Ўтган даврда Омбудсман томонидан мониторинг ташрифларини амалга ошириш тизимли равишда йўлга қўйилди.

Ушбу ташрифларнинг 91 таси жазони ижро этиш муассасаларида, 36 таси тергов ҳибсхоналарида, 12 таси Вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, 7 таси Махсус қабулхоналарда, 5 таси Реабилитация этиш марказларида ва 1 таси Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ўтказилган. Мониторинг ташрифлари давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган жойларда ушлаб турилган ва сақланаётган 4,5 мингга яқин шахс билан жамоавий ва 758 нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.

Омбудсман ҳисобот даврида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан ишлаб чиқилган ва “project.gov.uz” электрон тизимига жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўрганиб чиқиб, 39 та лойиҳанинг 141 та моддасига ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Шундан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларнинг 9 таси бўйича билдирилган 47 та таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинди.

Ҳисобот йилида Омбудсман инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган фаолият олиб бориб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш масалалари билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантирди ва мустаҳкамлади. Айниқса, инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро конференцияларда фаол иштирок этди.

Омбудсман халқаро ташрифлар давомида бир вақтнинг ўзида хорижий давлатларда яшаб меҳнат қилаётган Ўзбекистонлик фуқаролар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳам ўрганди.

Омбудсман манзилига фуқаронинг ижтимоий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ 5610 та, фуқаролардан турар-жойга бўлган ҳуқуқларига доир 959 та, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича 325 та мурожаатлар келиб тушди ва уларнинг салмоқли қисми ҳал этилди.

Омбудсман ҳисоботини муҳокама қилиш мобайнида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари сўзга чиқдилар. Улар томонидан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир тегишли тавсия ва таклифлар билдирилди.
Мажлисда Омбудсманнинг 2021 йилдаги фаолиятига доир ҳисоботи атрофлича кўриб чиқилди. Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маъқулланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА