Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсмандан нажот кутган одамларга қандай ёрдам берилди?
10:59 / 2022-02-01

Ҳуқуқи ҳимоя қилинишига эҳтиёж сезган кишиларнинг Омбудсманга мурожаат юбориши кейинги йилларда сезиларли даражада кўпайди.

2021 йилда Омбудсманга 18 минг 738 мурожаат келиб тушган. Бу 2020 йилга нисбатан 4 мингга кўп.  

Жумладан, фуқаролардан 16 минг 559, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларидан 2 минг 120, хорижий давлатлардан 59 мурожаат келган. 

Кўриниб турибдики, Омбудсманнинг жазони ижро этиш муассасаларида йўлга қўйган мониторинг ташрифлари натижасини кўрсатиб, уларнинг бу тузилмага ишончи ортган.   

Мурожаатлар асосан Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё,  Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.  

Мурожаатларни кўриб чиқиш асносида Омбудсман давлат органлари ва ташкилотларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 36 хулоса, 14 тақдимнома, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, судларга 44 даъво аризаси киритган ва ижобий натижаларга эришди.   

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоларининг онлайн шаклдаги навбатдаги йиғилишида шулар ҳақида сўз юритилди.  

Йиғилиш кун тартибидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2021 йилдаги фаолияти натижалари, 2022 йилда Омбудсман жамоаси олдида турган вазифалар ва инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш ва шу каби бошқа масалалар ўрин олди.  

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Омбудсман ҳузуридаги комиссия раиси Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, 2021 йил Омбудсман институти фаолияти тарихида алоҳида ўринга эга бўлди. Соҳадаги ислоҳотлар нафақат Вакил, балки инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Жумладан ўтган йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятига тааллуқли иккита Президент ҳужжати қабул қилинди. Бу мамлакатимизда инсоннинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга устуворлик берилаётганидан далолатдир.  

Бунга жавобан Омбудсман жамоаси аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, қийноққа қарши курашиш, қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, очиқликни таъминлаш каби қатор йўналишларда салмоқли ишларни амалга оширди.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2021 йилги фаолияти таҳлил қилинганда, таъсир чораларини қўллаши ва уларнинг самарадорлиги 2020 йилга нисбатан 2,4 баробарга ошганини кўриш мумкин.  

– Янги Ўзбекистоннинг кейинги 5 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси доирасида бу кўрсаткичларимиз йил сайин ошиб боришига интиламиз, – деди Феруза Эшматова. – Албатта, бунинг учун фаолиятимизга ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг янги илғор усулларини ишлаб чиқиш зарур. 2022 йилдан доимий асосда иш бошлаган минтақавий вакиллар мавқеини ошириш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан самарали фойдаланиш борасидаги ишларимизни жадаллаштирамиз.  

Йиғилишда комиссия аъзоларига мурожаатларнинг назоратга олиниши натижасида инсон ҳуқуқларини таъминланиши борасида эришилган кўрсаткичларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари ҳақида ҳам маълумот берилди.  

Йиғилиш давомида комиссия аъзолари томонидан Омбудсман фаолиятидаги ўзгаришлар ва натижалар тўғрисида фикр билдирилди. Шунингдек, 2022 йилда Омбудсман олдида турган вазифалар, фаолиятидаги режаларга қаратилди ва аниқ таклифлар билдирилди.  

Тадбир якунида комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.  


Н.Абдураимова, ЎзА