Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳудудлардаги ёпиқ муассасалар шароитларини ўрганмоқда.
Андижон вилоятидаги 3-сонли тергов ҳибсхонасига амалга оширилган мониторинг ташрифи давомида минтақавий вакил ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Ҳибсхонанинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, қисқа муддатли учрашув хоналаридаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, маҳбус ва маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди.
Омбудсман ахборот хизмати маълумотига кўра, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш мақсадида 2021 йилда Омбудсман томонидан 177 мониторинг ташрифи ўтказилган.

2022 йилда бу кўрсаткич 381 маротабани ташкил этган. 2023 йилнинг биринчи чораги ҳолатига эса ушбу кўрсаткич 164 тани ташкил этди.
Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларнинг ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.
Шу куннинг ўзида Андижон вилоятидаги Қўрғонтепа тумани ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳам кўздан кечирилди. Аввалги мониторингларда ушбу ҳибсхонани қайта таъмирлаш тавсия қилинган эди. Бу галги ташрифда ҳибсхона капитал таъмирдан чиққани ва билдирилган тавсиялар бартараф этилгани маълум бўлди.
Мониторинг ташрифи маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш махсус қабулхонасидаги шароитлар ҳам ўрганилиб, тегишли тавсиялар берилди.
Омбудсман ташриф доирасида фуқаролар билан ҳам учрашди. Қонунга кўра, Омбудсман фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриши белгиланган.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.
Шу нуқтаи назардан республика бўйлаб аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Хўжаобод тумани “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 31-сонли мактабда “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбири ташкил этилди. Тадбирда янги Меҳнат кодексининг фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилишдаги аҳамияти, “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида фуқаролар хабардор қилинди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Очиқ мулоқот ва ўзаро савол-жавобларга бой тарзда ўтган давра суҳбатида иштирокчилар Омбудсманнинг асосий фаолият йўналишлари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ва уларда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар билан ҳам таништирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА