Янги Меҳнат кодексида меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги 21 календарь кундан иборат бўлиши белгиланди. Ходимлар битта ташкилотда ёки соҳадаги иш стажи учун қўшимча таътил кунларига эга бўлади.
Ходимга ишлаган йилларининг ҳар бир 5 йили учун 2, аммо бир иш йилида жами 8 кундан ошмаган, қўшимча таътил куни тақдим этилади. Шунингдек, фойдаланилмаган таътил куймайди ва ходим иш даврида ёки меҳнат шартномасини бекор қилишда фойдаланилмаган барча таътиллар учун пулли компенсация олиши мумкин.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томмонидан “Ўзбекистон - халқчил ва ижтимоий давлат” мавзусида ўтказилган тадбирда шу ҳақда гап борди.
Тадбирда янги таҳрирдаги Меҳнат кодексдаги янгиликлар, уларни қўллаш механизмлари бўйича батафсил маълумот берилди.
Бундан ташқари тадбирда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонуннинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Мазкур қонун бугунги кунда хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Қонун билан оиладаги жинсий зўравонлик, таъқиб қилиш, шилқимлик, алимент тўлашдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чоралари, ҳимоя ордери муддатини суд томонидан бир йил муддатгача узайтирилиши белгиланди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга киритган даъволари, аризалари ва шикоятлари давлат божидан озод қилинади.
Очиқ мулоқотда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва имконият ва имтиёзлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
ЎзА