Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман вакили талабалар ҳузурида
14:04 / 2022-11-15

Бухоро давлат университетида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили, Сенат аъзоси Абира Ҳусейнова талабалар билан учрашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  мазмун-моҳияти тушунтирилди.  

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган. Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштириш ва уларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашади.  

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман) котибияти бош мутахассислари Азиз Йўлдошев ва Хондамир Каримов томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) нинг вазифалари тўғрисида тушунчалар берилди.    

[gallery-9579]

Тадбирда Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ўтган қисқа давр мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Жамият тараққиёти қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланди.  

Йиғилиш якунида қонунчилик доирасида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Саволларга тўғри жавоб берган 5 нафар талаба ёшларга китоб совға қилинди.  

– Бўлажак юристлар билан сенаторлар, прокуратура, адлия раҳбар ходимларининг учрашувларини ўтказиш анъанага айланган,  – дейди Бухоро давлат университети Тарих ва юридик факультети декани Жамшид Жўраев. –Бундай учрашувлар талаба-ёшларнинг билим олишига, касб танлашига туртки бўлмоқда. Айниқса, ёшларнинг саволларига соҳа ходимлари томонидан  аниқ жавоблар берилаётгани янада аҳамиятлидир.      

Маълумот учун, Бухоро давлат университети Тарих ва маданий мерос факультети 2018 йил 5 апрелда Тарих факультети негизида ташкил этилган эди. Жорий йилнинг август ойида Бухоро давлат университети Илмий Кенгаши қарори билан Тарих ва юридик факультети номига ўзгартирилди. Факультет таркибида  5 та Археология ва Бухоро тарихи, Жаҳон тарихи, Юриспруденсия ва ижтимоий-сиёсий фанлар, Ислом тарихи ва манбашунослиги, фалсафа, психология ва социология  кафедралари мавжуд. Бухоро давлат университети Тарих ва Юридик (Тарих ва маданий мерос) факультетида  11 та бакалавриат ва 7 та магистратура мутахассислиги бўйича йўналишлар мавжуд.  

 

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА