Самарқандда “Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда Омбудсман ва давлат ташкилотларининг ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Омбудсман девони ходимлари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, илмий доиралар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий хабардорлик даражасини оширишда Омбудман институти ҳам фаол иштирок этаётгани ва бу борада давлат органлари билан ҳамкорликда манзилли тушунтириш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
[gallery-27821]
– Янгиланган конституциямиз асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яқинда такомиллаштирилган ҳолда қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида Омбудсман фаолияти ҳам ўз аксини топмоқда, – деди Ф.Эшматова. – Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил сентябрь ойида имзоланган омбудсман фаолиятини такомиллаштиришга доир фармони мазкур институт ҳаётида янги даврни бошлади, десак муболаға бўлмайди. Айнан мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси доирасида 2024 йилда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Янги қонунда аввалгисига нисбатан қонун нормалари икки баробар кўпайди, омбудсман институтининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, фаолияти аниқ тартибга солинди ҳамда ҳуқуқий кафолатлари янада кенгайтирилди. Хусусан, асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланган фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш механизми рақамлаштирилди, ҳудудлардаги минтақавий вакиллар институти мустаҳкамланди. Бу эса мурожаатларни жойида тезкор ўрганиш ва масалаларни ҳал этиш имконини кенгайтирди.
2025 йилда Омбудсманга 2024 йилдагидан уч мингта кўп, яъни 26 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан қарийб 40 фоизга кўп демакдир. Мурожаатлар динамикаси фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, мурожаатлар таҳлили аҳоли ўртасида қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва имкониятлар ҳақидаги хабардорлик даражасини янада ошириш заруратини намоён этмоқда. Айрим ҳолларда фуқаролар давлат томонидан яратилган ҳуқуқий механизмлардан тўлиқ фойдалана олмаётгани кузатилмоқда. Бу борада аҳолига яқиндан ёрдам бериш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида “Омбудсман мактаби”, “Омбудсман соати” ташкил этилиб, корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар ва таълим муассасаларида мунтазам ўқувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун “Тенглик ва ҳурмат” платформаси яратилди.
Давра суҳбатида Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси илмий ходими А.Татибаев, Омбудсман ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси Г.Йўлдошева, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Саидова, Самарқанд вилоятидаги давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жойларда манзилли тушунтириш ишларини кучайтириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир якунида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди ҳамда уларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари