Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолияти давомида халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.
Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминлаш халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва бу йўналишдаги илғор тажрибаларни ўраниб, амалиётга татбиқ қилиб боришни тақозо қилади.

Омбудсман Феруза Эшматованинг БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман билан учрашуви шу мақсадга қаратилди.
Учрашувда Омбудсман фаолиятининг устувор йўналишлари, вазифалари ва амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалари ҳақида фикр алмашилди.
– Ўзбекистонда иш бошлаганимга ҳали кўп вақт бўлмади, шунга қарамай мамлакатингизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси кўзга ташланмоқда, – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман. – Инсон ҳуқуқларини таъминлаш жараёнида Омбудсман институти муҳим иштирокчи ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан инсон ҳуқуқлари соҳасида доимо ҳамкорликка тайёрмиз.
Дўстона, очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган учрашув давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА