Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман томонидан жазони ижро этиш муассасаларида доимий мониторинг ўтказилади
13:15 / 2020-11-26

“Тараққиёт стратегияси” марказида “Жазони ижро этиш тизими фаолияти: халқаро стандартлар ҳамда хорижий ва миллий тажриба” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.

Ўқув семинари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ички ишлар вазирлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, БМТ Демократия жамғармаси ва Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти (PRI) халқаро нодавлат ташкилотининг кўмагида ташкил этилди.  

Семинар ўтказилишидан кўзланган мақсад жазони ижро этиш муассасалари раҳбарлари ва ходимларига жазони ижро этиш муассасаси фаолиятига оид халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибалар ҳақида, хусусан, жазони ижро этиш муассасаларидаги менежмент ва сервис дастурларини ташкил этиш юзасидан маълумот бериш ҳамда тренинглар ташкил этишдан иборат.

Иштирокчиларга жазони ижро этиш тизимида ҳамда ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Қайд этилганидек, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари қоидалари” (Нельсон Мандела қоидалари) таржима қилиниб, жазони ижро этиш муассасаларига тарқатилди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун жазо ўтаётган маҳкумларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи берилди.

[gallery-180]

Шунингдек, маҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши таъминланди. Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар олиши сони қарийб икки баробарга кўпайтирилди. Тошкент вилояти Зангиота туманида замонавий, халқаро стандартларга мос равишда янги тергов ҳибсхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, давлат бюджети ҳисобидан 18 та колония капитал ҳамда 17 та колония жорий таъмирланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси тугатилди. Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни етказилди.

Ўқув семинар иштирокчиларига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм (МПМ) доирасида амалга оширилаётган ишлар ва жазони ижро этиш муассасаларида амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари тўғрисида маълумот берилди.  

Хусусан, мониторинг гуруҳларида фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари иштирок этмоқда.

Вакил ҳузуридаги Миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи эксперт гуруҳи томонидан жорий йилнинг ўн ойи давомида тергов ҳибсхоналари, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда 68 та мониторинг ўтказилди.

Мониторингларнинг 40 таси жазони ижро этиш муассасалари, 6 таси тергов ҳибсхонаси, 5 таси ички ишлар органларининг маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналари, 9 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 2 таси ички ишлар бўлимлари, 2 таси муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш маркази, шунингдек, 4 таси карантин муассасаларда амалга оширилди.

Мониторинг ташрифлари давомида тергов ҳибсхонаси ва озодликдан маҳрум этиш жойлардаги 3 минг 700 дан ортиқ шахслар билан жамоавий учрашувлар ва 534 та шахс билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди. Мониторинглар Вакил томонидан доимий тарзда амалга оширилади ва Вакилнинг алоҳида назоратида бўлади.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА