English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омбудсман сўровига асосан 45,5 миллион сўмлик алимент тўловлари ундирилган
17:47 / 2023-02-13

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида бир қатор масала ҳамда қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Хусусан, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи якунларига тўхталиб ўтилди. Депутатлар ушбу ташриф бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, ташрифнинг самарали кечгани, унинг доирасида саноатни ривожлантириш чоралари белгилангани, энергетика билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидладилар.    

Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, асосий эътиборни таълим соҳаси ҳамда оила ва хотин-қизлар билан боғлиқ фаолиятга қаратдилар.

Таъкидланганидек, ҳисобот йилида Омбудсманга таълим соҳаси билан боғлиқ 407 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 133 таси Омбудсман назоратига олинган. Эътиборлиси, ёшларни таълим олиш ҳуқуқининг кафолатланиши борасида Омбудсман томонидан тегишли давлат органларига фуқаролар манфаатини кўзлаб мурожаат қилиш натижасида 2 нафар фуқарога олий таълим муассасасига қабул қилинишида кўмаклашилган.    

Шунингдек, ўтган даврда оила ҳуқуқи йўналишида 683 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 327 таси парламент назорати субъекти сифатида ўрганиб чиқилган. Ушбу мурожаатларнинг 98 таси аёллар ҳуқуқларининг чекланиши ва оилада аёлнинг таҳқирланиши билан боғлиқ. Алимент пулларининг ундирилиши масаласида эса 316 та мурожаат келиб тушган. Мазкур йўналишларда амалга оширилган ишлар натижасида хотин-қизларнинг 9 нафарига «ҳимоя ордери» берилишида кўмаклашилди. Омбудсман сўровига асосан 45,5 миллион сўмлик алимент тўловлари ундирилиши таъминланди.    

Шунингдек, йиғилишда яна бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.    

Муҳтарама Комилова, ЎзА