Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Р. янги уй-жой сотиб олиш бўйича тузилган шартнома шартлари икки йилдан бери бажарилмагани бўйича Омбудсманга мурожаат қилди.
Мурожаатчининг ёзишича, 2020 йил 31 январь куни Урганч туманида фаолият юритувчи “F E” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қурилиш корхонаси билан кўп қаватли тураржойдан уй сотиб олиш бўйича шартнома тузилган. Шартномага асосан тўланиши лозим бўлган сумма тасдиқланган жадвал асосида тўланган. 2020 йилнинг 31 декабрига қадар эгасига топширилиши керак бўлган уй орадан икки йил ўтса ҳам қуриб битказилмаган.
- Фуқаро Х.Р. қурилиш корхонасидан пулларини қайтариб олиш бўйича бир нечта тегишли давлат ташкилотларига мурожаат қилган, - дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёров. - Бундан ижобий натижа бўлмагач у ушбу масалани ижобий ҳал қилишда ёрдам сўради. Мазкур мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганганимизда аризада келтирилган важлар ўз тасдиғини топди. Ариза муаллифининг шароити ўрганилганда, унинг ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда ўзига тегишли бўлган яшаш жойи мавжуд эмаслиги, оиласи билан ижарада туриши, оиласининг аҳволи моддий жиҳатдан яхши эмаслиги маълум бўлди.
Омбудсман томонидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига фуқаро Х.Р. манфаатларини кўзлаб даъво аризаси киритилди.
Суд фуқаро манфаатида киритилган даъво аризани тўлиқ қаноатлантириб, жавобгардан фуқаро Х.Р. фойдасига шартнома бўйича тўланган маблағ ҳамда шартнома шартларининг вақтида бажарилмагани учун ҳисобланган пеня суммасини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.
Ҳал қилув қарорида кўрсатилган сумма фуқаро Х.Р.га тўлиқ ундириб берилди.
ЎзА